O'tkazib yubormang

Қўшиқ айтма, атлас сот

Сендаги тарбия “санъатинг”дан устунми
ё сен каби “буюк хонанда”ларнинг
бузуқилиги ҳам бир фазилатми?

Пиар қиламан деб ўзини ўлдига чиқарган шоирларни кўрдик. Оқибатини хаёлига келтирмай икки дақиқа ҳоли қолган пайтдан унумли фойдаланиш учун лифтни ҳам тинч қўймаган хуш овозу, созларни ҳам кўрдик.
Инсоннинг шуҳрати қанчалик кўп бўлса, унинг атрофидаги гап-сўзлар ҳам шунчалик катта бўлади. Интернет орқали яхшими ёмон пиар бўлаётган хонандалар кузатяпмиз. “Бахтли касофат” орқали бирор ишкал чиқаргач, эл оғзига тушиб, аслида нол санъатига аудитория орттирган қўшиқчилар ҳам кўп топилади.
Ҳалол йўл биланми ёки пиар орқалими танилиш унчалик муаммо эмасдир аммо, халқни алдаб бўлмайди. Ҳақиқат албатта ўз сўзини айтади, кун эмас бир кун сохта башаралар очилади.
Эътибор беряпсизми, шоу-бизнесда тобора ғалвир сувдан кўтарилаяпти. Санъаткорнинг кўпайиб кетгани ҳалол рақобатни талаб қила бошлаяпти. Ҳар қанча машҳур бўлмасин жонли ижрода айта олмаган хонанданинг концерт чипталарига талаб аввалгидек эмас. Вазиятни тўғри баҳолай олаётган чин санъаткорлар ўз устида ишлаяпти, тинимсиз меҳнатлари самараси ўлароқ концерт афишаларига катта ҳарфлар билан “жонли ижро орқали” дея ёздириб, ўз мухлисларини ҳайратда хушнуд этаяпти.
Ана энди, мавсумий қўзиқориндек кўпайиб бораётган хонандачаларга катта СТОП. Ўзингга ишонмасанг, овозингга ишонмасанг, созингга ишонмасанг бу майдонни айланиб ўт. Мард бўлсанг, ўз қобилиятингга қўйган баҳоинг тўғри бўлса, уялиб қолишдан чўчимасанг, “Марди майдон” каби фестевалларда иштирок эт, “Тараннум”, “Олтин микрофон” цингари кўрсатувлар истеъдодинг исботи учун сенга мунтазир. Бошқа айланма йўллардан бу даргоҳга кириб келиш эса аввало ўзни алдаш, халқни алдашга уринишдан бошқа нарса эмас. Каттагина маблағ, йўқотилган вақт эвазига туб омманинг энсасини қотирма. Ёш-яланг орасидан ўн-ўн бешта мухлис орттирганинга қувонма, уларнинг қизиқишлари аслида бевафо.
Бу фикрлар санъаткор бўламан, дея орзулаган ҳаваскорларга маслаҳат эди. Энди даргоҳга адашиб кириб қолганларга навбат. Қанчадан бери қўшиқ айтасан? Саҳнага чиққанингга қанча бўлди ўзи? Нималарга эришдингу, нималардан умидворсан? Бирор қўшиғинг халқнинг юрагига кириб бориб, қалбларни титратиб, донғинг кўтарилдими ё хонишларинг билан чор тарафдан оммани ғашига тега-тега, “ҳа, бу фалончи артист”, дея номинг чиқдими? Эришганинг: мавсумда минидискни кўтариб, кун-ора иккита “бирров”га чиқишинг, шу аурада таниқли танишлар орттирганинг ва юлдузлик касалими? Ташвишинг: “тўйбоп” ашула ёзишу ана шу нўноқ хиргойиларинг хит бўлишидан умидворликми? Сендаги тарбия санъатингдан устунми ё сен каби “буюк”ларнинг бузуқилиги ҳам бир фазилатми?
Сатрларга сабаблар бор. Азбаройи тасодифан яқинда бир даврада бўлдим. Бир ўртоғим янги танишган қиз(!)и билан келди. Сариқ сочли бу ҳилқат ҳақиқатдан ҳам чиройли эди. Шинаванда қиз экан, суҳбат мавзусини тезда ўз қўлига олди. Кўзлари мовий, катта-катта, чиройли ва шу баробарида совуқ ва орсиз эди. Хуллас, унинг енгилтак қизлигини фахмлаш учун одамдан ортиқча зеҳн талаб қилинмасди. Айтишича, яқин муносабатда бўладиган танишларининг кўпчилиги ҳаммамиз билган ёш хонандалар экан. У “супер юлдуз”лар билан қаерларда қандай ўтиргани, кимларнинг қай аҳволда “қотиб қолгани”ю, базмлардан кейин қаерга бориб, нималар қилишгани ҳақида гапирганида аввалига унча ажабланмай, тингладим. Кечаги зиёфат ҳам зўр ўтганидан бўлса керак, қизнинг кайфияти аъло эди. Ҳатто сўзини исботлаш учун сизу-биз овозини эшитишимиз билан танийдиган икки хонандага қўнғироқ қилиб, телефонининг овоз кучайтиргичини ёқди-да улар билан бир ҳовуздан сув ичган яқин кишилардек муомала қилиб, кулишиб суҳбатлашди. Шундан кейин ўша “супер юлдуз”лар билан боғлиқ ҳайратланмасликнинг иложи бўлмаган шундай воқеаларни гапириб бердики, ҳатто менда «Шоу-бизнесдаги “қўғирчоқ”нинг кундалигидан «, дея туркум ҳикоялар ёзсаммикин деган фикр туғилди. Аммо мақола билан чекланишга қарор қилдим.
Бундан аввалроқ ҳуқуқ соҳасида фаолият юритадиган бир одамнинг шу мавзуга яқин иш юзасидан айтиб берган воқеасини тинглаб, ҳайратдан ёқа ушлагандим. Унга кўра, жиноят қидирув бўлими ходимлари тунги рейд пайтида йўл четидаги дарахтзордан икки бачабозни ушлаб сўроқ қилишганида, тергов пайтида улардан бири аввалига қўйиб юборишлари учун катта пул ваъда қилиб, кўндира олмагач, у билан айш қиладиганлар сирасига бир машҳур хонанданинг исм-фамилиясини ҳам келтириб ўтибди. Воқеанинг аниқ манбааси бор-йўқлиги менга қоронғу. Асл муаммо, жирканч иллатлар халқ кўз-ўнгида санъатга ҳам аралашиб кетаётганида аслида. Глобал тармоқ орқали санъатдаги бузуқлик шаклларини фактлари билан бугунда исталганча топиш мумкин.
Юқоридаги фикримга қайтаман. Эй, “супер юлдуз”! Қаёққа кетмоқдасан? Чарчамадингми? Ўйлаб кўр, балки сенда бошқа касбга истеъдод юқориоқдир. Қўшиқ айтгандан кўра “Чорсу”да атлас мато сотадиган дўкон очсанг, эҳтимол йўқолиб бўлган виждонинг олдида тўғри иш қилган бўларсан, кунларинг ҳозиргидан мазмунлироқ ўтар. Аёл киши бўлсанг, бу сенга жуда мос тушади. Эркак бўлсанг ҳам ярашадики, устингдаги ранго-ранг харир кийимлар атлас сотувчи дуррожни эслатмоқда.
Булбуллар ўрнида куйлагани етмаганидек, гулзорни гўнгхонага айлантирса, отиб ўлдиргинг келаркан бунда зоғларни. Мард бўлсанг ошкора, ҳеч бўлмаса ич-ичингдан тан ол, сен санъаткор эмассан. Ўн йил вокалга қатнаб, овозинг булбулдек хониш қиладиган даражага етса ҳам, бу тарбиянг билан барибир зоғсан.

Зўраки хонандаларнинг санъаткорман дея қилаётган пуч даъволарига тарбиясизликнинг жирканч кўринишлари ҳам қўшилса, шундоқ ҳам етарлича мавқеини йўқотишга улгирган муқаддас саҳна бир кун ёрилиб, ютиб юбормасин яна! Санъат деганда халқ сени ҳам кўриб турибди. Тарбиянгни ўзгартиришга ақлинг, ироданг етмаса, касбингни ўзгартириб, ҳеч бўлмаса шу йўл билан санъатга фойданг тегсин, умрингда бир бор мард бўл.

Алишер АБДУМАЛИКХОН, IDROK.UZ

 

 

3 ta fikr

  1. Qoyil!

  2. Sayt ijodkorlari iloji bo’lsa hozirgi zamon san’atkorlarining ma’naviyati to’g’risida ko’proq ma’lumot bersangiz iltimos.

  1. Pingback: hordiq.uz

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter