Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов 20 февраль куни Хоразм вилояти сайловчилари биланучрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссияси раиси А.Раҳимов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Б.Бобожонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов нутқ сўзлаб, ўз сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлар ҳақида сайловчиларга маълумот берди.
Дастурда миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи барча фуқароларининг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, “маҳалла” миллий демократик институтини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлашда маҳалла ролини кучайтириш, миллий ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик ҳамда туризмни янада ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Шундан кейин номзод Нукусга ташриф буюрди. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг раиси К.Каримов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Е.Қутибоева йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий чоралар кўриш, маҳаллий вакиллик органлари ҳузурида жамоатчилик комиссиялари тузиш, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини изчил ва демократик рағбатлантириш тизимини жорий этиш, суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.