O'tkazib yubormang

Интернет-кафеларга кеч соат 9-00 дан сўнг ишлаш таъқиқланди

Тошкент шаҳар ҳокими “Тошкент шаҳрида Интернет тармоғи ва компьютерлар  орқали хизмат кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш чора – тадбирлари  тўғрисида”ги  қарорни  имзолади.

1321712464_79842

Ҳужжатда айтилишича, миллий менталитетимизга зид бўлган, шунингдек, зўравонлик, тажовузкорлик ва  енгилтакликни тарғиб қиладиган  ролик, суратлар, сайт ва фильмлар томоша қилинадиган Интернет-кафе ва компьютер клублари сони ортиб бормоқда. Улар вояга етмаган ёшларга салбий таъсир кўрсатиб, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг ошишига асосий сабаб  бўлмоқда. Бундан ташқари,  кўпгина  компьютер  ва Интернет-кафелар санитария ҳамда ёнғин хавфсизлиги  меъёрларига жавоб бермайдиган биноларда жойлашган.

Мазкур ҳолатни ўзгартириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими томонидан қатор тадбирлар тасдиқланган.

Масалан, эндиликда дарс пайтида ва кечки пайтда вояга етмаганларнинг Интернет-кафе ва  компьютер клубларида бўлиши таъқиқланади. Вояга етмаган шахс ота-онасининг  бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс кузатувида бўлган ҳолатлар  бундан  мустасно.

Бу турдаги барча муассасалар 21-00 гача ишлаши лозим. Кафеда мавжуд компьюетерлар хотирасида енгилтаклик, диний экстремизм, миллатчилик, қимор ўйинларини тарғиб қилувчи диск, фильм, маълумот ёки бошқа материалларни сақлаш таъқиқланган. Шунингдек, енгилтаклик, зўравонлик, вахшийлик ва тажовузкорликни  тарғиб қилувчи плакат ва реклама воситаларидан  фойдаланишга рухсат этилмайди.

Муассаса жойлашган ва фаолият юритадиган  бино  санитария,  ёнғин хавфсизлиги   электр тармоқларига уланиш ва фойдаланиш қоидаларига тўлик жавоб бериши талаб этилади.

Ўн кунлик муддат ичида Интернет-кафе ва компьютер клуби эшикларида  муассасанинг ишлаш режими, таълим муассасалари ўқувчиларининг дарс пайтида  киришлари  таъқиқланганлиги, енгилтаклик,  зўравонлик ва вахшийликни  тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш учун жавобгарлик белгиланганлиги  тўғрисида  ёзувлар ўрнатиш лозим.

Кафе ходимлари таъқиқланган электрон материаллардан фойдаланиш устидан  алоҳида назорат ўрнатишлари, бунда раҳбарлар сервер орқали фақатгина лицензияланган материаллардан фойдаланишни назорат қилишлари, Интернет орқали таъқиқланган  ролик, суратлар, фильм ва сайтлардан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича  огоҳлантириш чораларини кўришлари  керак.

 

 

 

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter