Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод қилиб кўрсатилган Акмал Саидов ўзининг сайловолди дастурини сайловчилар эътиборига ҳавола қилди. Бизнингча, унинг дастурида кўрсатилган Ўзбекистоннинг жамоат-сиёсий тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифларини аниқлик нуқтаи назаридан Халқ демократик партиясидан номзод Хотамжон Кетмоновнинг илгари чоп этилган дастурига нисбатан кучли деб бўлмайди. Лекин бу ҳолат тушунарлидир. Сабаби – Саидов зиёлилар партиясидан бўлса, Кетмонов ижтимоий йўналтирилган блок номидан чиқмоқда.
Умумий таклифлардан ташқари, Саидовнинг сайловолди платформасида қуйидаги қизиқ жиҳатларни кўрсатиш мумкин. Масалан, номзод ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини бир томонлама ва ақидавий баҳолашга йўл қўймаслик тарафдоридир. У Ўзбекистон тарихини сохталаштириш ҳолатларига қарши курашни ташкил қилишни режалаштирмоқда. Саидов аминки, оммавий соҳада ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоида ва меъёрларининг бузилишга қарши аниқ йўналтирилган ишларни олиб бориш зарур. Номзод Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий мероси бўйича адабиётларни нашр қиладиган нашриёт, босмахона, шунингдек асар муаллифларига солиқ ёки бошқа имтиёзларнинг берилишини таклиф қилган. Бундан ташқари, Саидов озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда генномодификациялашган организмлардан фойдаланишни чекламоқчи.
Акмал Саидов ёшларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилган замонавий ва сифатли кийим-кечакка бўлган эҳтиёжини таъминлашни режалаштирган. Бу учун тўқимачилик корхоналари сонини ошириш, маҳаллий хом-ашёни чуқур қайта ишлашга йўналтирилган замонавий технологияларни жорий этиш зурур деб ҳисоблайди.