Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигида даврий матбуотнинг тарқатилишини ташкил этиш, хусусан, корхона ва ташкилотларни матбуотга мажбурий обуна қилиш билан боғлиқ муаммоларга бағишланган махсус йиғилиш ўтказилди.
Селектор тартибидаги ўтказилган йиғилишда барча вилоятлар билан бирга “Ўзбекистон почтаси”АЖ, “Матбуот тарқатувчи” АК раҳбарияти, «Халқ сўзи», «Правда востока», «Миллий тикланиш», «Қишлоқ ҳаёти», «Маҳалла», «Маърифат», «Ўзбекистон овози», «Туркистон» газеталарининг вакиллари иштирок этди.
17-февраль куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси орқали “Мажбурий обуна” деб номланган кўрсатув эфирга узатилган. Кўрсатувда даврий нашрларнинг тарқатилишини ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар кўтарилган. Шу муносабат билан, йиғилишда мазкур йўналишдаги вазият атрофлича кўриб чиқилди.
Амалдаги қонунчиликка асосан, даврий босма нашрлар бевосита нашриётлар, шунингдек, тахририятлар билан тузилган шартномаларга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарқатилиши мумкин.
Бугунги кунда бозорда даврий нашрларга обуна бўлишни ва тарқатишни таклиф этувчи қатор йирик ва кичик тижорат фирмалари фаолият юритмоқда. Ҳозирда уларнинг сони 60тадан ошиб, улар қаторида иккита йирик компания – “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АК Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги тизимига киради.
Йиғилиш натижалари бўйича аҳолига хизмат кўрсатилишига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, шунингдек, аҳолининг сифатли хизматларга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгилаб олинди.
Бундан ташқари, обуна кампаниясини ташкил этиш ва амалга ошириш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, кўрсатиладиган хизматлар сифати бўйича обуначиларнинг шикоятига тезкор муносабат билдириш хизматини жорий этиш имкониятларини кўриш, даврий босма нашрларини ўз вактида етказиб берилишига эришиш режалаштирилди.