Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Берлинга ташрифи натижаларига кўра, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда жалб қилинаётган Германия кредитлари умумий миқдори 2,8 млрд долларни ташкил қиладиган инвестицион, кредит келишувлар ва савдо шартномалари пакети имзоланди.
Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Германиянинг МАН, «Эйрбас», «Тиссен-Крупп», «Клаас», «Кнауф», «Лемкен», «Коммерцбанк», «Дойче кабель» каби 50 та компания ва банклари таъсисчилари иштирок этган Германия-Ўзбекистон ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилиши давомида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши салоҳиятлари ва ҳолати ҳамда иқтисодиётнинг етакчи соҳаларидаги истиқболли устувор лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси делегацияси Германия вице-канцлери, Иқтисодиёт ва энергетика вазири Зигмар Габриэл билан ушрашди. Учрашувда ўтказилган музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни келгусида кенгайтириш ҳолатлари ва истиқболлари муҳокама қилинди”, деб таъкидлаб ўтилди Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати берган хабарда.