Ливиядаги 25 мингдан ортиқ мисрлик фуқаролар ИШИД жанггарилари томонидан мисрлик христианларнинг оммавий қатл этилиши воқеасидан сўнг мамлакатни ташлаб чиққан.
Бу ҳақда Daily mail Миср ташқи ишлар вазирлиги хабарига асосланиб маълум қилмоқда.
21 минг 407 киши Мисрга Соллума чегара ҳудуди орқали йўл олган бўлса, яна 4 минг 122 нафар одам Тунисга ва у орқали авиарейс билан Мисрга келган.
Ливияда 2011 йил Муаммар Каддафи тузуми ағдарилгунга қадар 1,5 миллион мисрликлар ишлаган бўлиб, уларнинг аксарияти мамлакатдаги тўқнашувлар, сиёсий беқарорлик сабаб Мисрга жўнаб кетди.
Ўтган ҳафтада интернетда ИШИД жанггарилари томонидан Ўрта ер денгизининг Ливия қирғоғида 21 нафар миср христианларини қатл этгани видео лавҳаси тарқатилди.
Маълумотларга кўра, ИШИД қўлида Сурияда асирга олинган 200дан ортиқ христианлар борлиги айтилмоқда.