Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Германияда бўлиб қайтди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад– Германия-Ўзбекистон ишбилармон кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш, корпоратив бошқарув соҳасида етакчи немис компаниялари тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат эди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида Германияда жойлашган корпоратив бошқарув соҳасида етакчи таълим муассасаларидан ҳисобланган Европа менежменти ва технологиялари институти билан ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Ушбу ҳужжат республика ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари учун Тошкентда корпоратив бошқарув соҳасида қисқа муддатли курсларни ташкил қилиш, шунингдек, уларнинг кейинчалик Германиядаги йирик акциядорлик компанияларида малака оширишларини назарда тутади.