Ўзбекистонда жорий йилдан бошлаб ёшга доир пенсияни расмийлаштиришда электрон кўринишдаги архив маълумотномаларини тақдим этишнинг синов лойиҳаси ишга туширилади. Мазкур лойиҳа “Кексаларни қадрлаш йили” Давлат дастурига асосан назарда тутилган. Икки йилга мўлжалланган лойиҳанинг умумий бюджети 1.5 миллиард сўмни ташкил қилади. Жорий йилда унинг амалга оширилиши учун 350 миллион сўм сарфлаш белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, Давлат дастурида 2015-2017 йилларда пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялашган маълумот тизимини жорий этиш режалаштирилган. Янги тизим Пенсия жамғармасининг маълумот базаси негизида яратилиб, пенсия тайинлашда иштирок этадиган давлат органлари билан интеграция қилинади.
Янги тизим туфайли келгусида пенсионерлар пенсияни расмийлаштириш учун қоғоз кўринишида эмас, балки электрон шаклда зарурий маълумотномаларни олиш имкониятига эга бўладилар.