O'tkazib yubormang

Москвада Немцовнинг дафн маросими бўлиб ўтди

«РПР-ПAРНАС» мухолифат партияси раисдоши Борис Немцов 3 март, сешанба куни Москвадаги Троекуровское қабристонига дафн этилди, дея хабар бермоқдаInterfax.

nemts700-680x437

Дафн маросимига 600 дан ортиқ киши ташриф буюрди, уларнинг деярли учдан бир қисмини ОАВ вакиллари ташкил этди.

Куннинг биринчи ярмида эса Сахаров марказида марҳум билан видолашув бўлиб ўтди. Жанозага кўп сонли давлат ва жамоат арбоблари, депутатлар ва журналистлар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари келди.

Эслатиб ўтамиз, Борис Немцов Москва вақти билан 27 февраль 23:15 да (Тошкент вақти билан 28 февраль 01:15 да) Москва марказидаги Москворецкий кўпригида отиб ўлдирилди.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили сўзларига кўра, Немцов қиз дўсти билан кўприкдан ўтаётган маҳал оқ рангли машинадан унга қарата олтита ўқ отилган. Шулардан тўрттаси мухолифатчига келиб теккан. Қотиллик чоғида сиёсатчининг ёнида бўлган қиз — 23 ёшли украиналик модель Анна Дурицкая ўз кўрсатмаларини бериб, ватанига қайтиб кетди.

1 март куни сиёсатчи аксилинқироз маршида иштирок этиши керак эди. Марш талаблари қаторидан Украина билан урушни зудлик билан тўхтатиш, мухолифатни телевидениега қўйиш, бюджетни марказлашмаган тизимга ўтказиш, ҳарбий харажатларни қисқартириш эвазига соғлиқни сақлаш ва таълимга сарф қилинадиган маблағни ошириш кабилар ўрин олган эди.

Россия тергов қўмитаси қотилликнинг бир нечта, жумладан сиёсий ва маиший мақсадларда амалга оширилиши версияларини кўриб чиқмоқда. Ушбу жиноятни фош этувчи қимматли ахборот учун 3 миллион рубль миқдорида мукофот эълон қилинди.

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter