Қозоғистон президентлиги учун ўз номзодини қўйиш ниятида бўлган янги номлар пайдо бўлмоқда. Айни вақтда даъвогарлар сони 9 нафарга етган. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.
Марказий сайлов комиссиясида берилган маълумотга кўра, дастлаб уч нафар фуқаро мустақил номзод сифатида ўз ҳаракатини бошлган.
Биринчиси – 1958 йилда туғилган Уктешбаев Есенбек, жамоат фаоли Олма-отада яшайди; Иккинчиси – Жунисбеков Якобжан, 1946 йилда туғилган, нафақада, Олма-отада яшайди; Учинчиси – Жуман Канат, 1969 йилда туғилган, ТОО “Астана Мунай Груп” ёқилғи қуйиш шохобчаси раҳбари, Остона шаҳрида яшайди.
Шунингдек, Қозоғистон коммунистик партиясидан Турғун Сиздиков номзоди илгари сурилган.
Бироз олдинроқ, МСК яна бир қатор даъвогарлар ҳақида маълум қилди.
Хусусан, Остона шаҳрида яшовчи 1959 йилда туғилган хусусий тадбиркор Аскар Сиргабаев, остоналик яна бир фуқаро, 1962 йилда туғилган, айни пайтда ҳеч қаерда ишламайдиган Сафиулла Алдажанов, 1969 йилда туғилган, Олма-Отадаги жамоатчилик жамғармаси президенти бўлган Лимана Койшиева сайловда қатнашиш ниятини билдиришган.
Шунингдек, 1977 йилда туғилган остоналик қурувчи-муҳандис Бахит Абдукаримов ҳамда 1984 йилда туғилган яна бир пойтахтлик ҳайдовчи Сухраб Мирзашов президентлик сайловларида қатнашмоқчи.
Лекин, охирги икки номзод ҳали 40 ёшга тўлмагани учун, номзод сифатида қабул қилинмаслиги мумкин. Чунки, Қозоғистон Конституциясида фақат 40 ёшдан ошган фуқароларгина мамлакатни бошқариши белгилаб қўйилган.