Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 5 март куни Жиззах ва Сирдарё вилоятлари сайловчилари билан учрашди.
Ислом Каримов дастлаб, Жиззахга ташриф қилди. Бу шаҳардаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссияси раиси А.Сатторов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган энг асосий йўналишлар белгилаб берилган. Жумладан, саноатни технологик янгилаш ва таркибий ўзгартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожи учун янада қулай шароитлар яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, фермер хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш, маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, аҳоли ҳаёт даражасини изчил ошириш, барча давлатлар билан ҳамкорликни ва мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов Сирдарё вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Ш.Маматқулов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизни ҳар томонлама обод қилиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдек олий мақсад йўлида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, дунёдаги тараққий топган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш, иқтисодиётимизни замонавий тармоқлар ҳисобидан тез ва барқарор суръатлар билан ривожлантириш, мамлакатимиз ҳаётида ҳал қилувчи омил бўлган хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини изчил қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, чет давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш дастурнинг устувор йўналишлари қаторидан ўрин олган.