Малайзия йўқолган Боингни қидиришдан бош тортмаганини эълон қилди

Малайзия бир йил аввал 8 мартда Куала-Лумпурдан Пекинга парвозни амалга ошираётган пайтида йўқолиб қолган Boeing самолётини қидириш бўйича мажбуриятлардан бош тортиш нияти йўқлигини маълум қилган. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Нажиб Тун Раззоқ ўзининг махсус мурожаатида маълум қилган.

yassin_05052014

“Биз қидирув ишлари бўйича ўз мажбуриятларимизга амал қиламиз ва бу ишлар муваффақиятли якунланади, деб умид қиламиз”, – деб айтди бош вазир. “Лайнернинг йўқолиши мисли йўқ ҳодиса ҳисобланади, ўтказилаётган қидирув ишлари авиация тарихида амалга оширилаётган энг мураккаб иш бўлмоқда”, – деб қўшимча қилди Раззоқ.

“Бугун бизлар самолётда бўлган барча 239 нафар кишини, шу жумладан 50 нафар малайзияликни ҳам хотирламоқдамиз, уларнинг яқинлари ва қариндошлари билан бирга уларнинг ҳаққига дуо қилиб қоламиз”, – деди Раззоқ. Унинг сўзларича, “бир қатор саволларга жавобларнинг ҳамда ашёвий далилларнинг йўқлиги қўшимча юк бўлмоқда”. Бош-вазир халқаро жамоатчиликка самолётни қидиришда ёрдам бергани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

4 та кема иштирок этаётган жорий қидирув ишлари шу йилнинг май ойида тугатилиши керак. Ҳозирда учта мамлакат экспертлари агар яқин орада қидирув ишлари натижа бермаса қандай йўл тутиш кераклигини муҳокама қилмоқдалар.

Маълумот учун, бир йил аввал 8 мартга ўтар кечаси “Малайзия ҳаво йўллари”га тегишли бўлган Boeing 777-200 самолёти ҳавога кўтарилгандан икки соат ўтиб радарлар экранидан йўқолиб қолган. Малайзия бош вазири лайнернинг парвози Ҳиндистон океанининг жанубий қисмида ўз ниҳоясига етганини маълум қилган. Жорий йилнинг январь ойи охирида Малайзия ҳукумати расман Boeing нинг йўқолишини фалокат, унда бўлган барча одамларни ҳалок бўлган, деб эълон қилган.

Бугун “Малайзия ҳаво йўллари”нинг 600 га яқин ходими ҳамда экипаж аъзоларининг қариндошлари Куала-Лумпурда йўқолиб қолган лайнер қурбонларининг хотирасига бағишланган тадбир ўтказишди. Авиакомпания раҳбарияти қидирув ишларига кўмак берган барча кўнгиллиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу билан бирга Малайзия ҳукумати 8 мартда самолётнинг фалокатига бағишланган ҳеч қандай йирик тадбирлар ўтказишни режалаштирмаётганини эълон қилган эди.

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter