Қозоғистон президенти лавозимига ўз номзодини мустақил равишда кўрсатган Канат Журман давлат тили – қозоқ тилини яхши билмаслиги маълум бўлди.
Қозоғистон Марказий сайлов қўмитаси матбуот марказининг хабар беришича, тил бўйича комиссия қозоқ тили бўйича номзод топширган имтиҳон натижаларига кўра шундай қарорга келди.
“Номзод ёзма топшириқда ўзи танлаган “Менинг юртим – менинг ерим” мавзусини очиб бера олмаган, асосий фикрни ёзма равишда саводли баён қилиб бера олмаган. У томонидан қўйилган услубий ва пунктуация хатоларининг сони 31 тани ташкил қилди”, – деб айтди комиссия раиси.
Абай Кунанбоевнинг қаламига мансуб поэзияни ўқишда Жуман орфоэпик хатоларга йўл қўйган. У ёддан бирорта ҳам қозоқ тилидаги шеърни айтиб бера олмаган.
“Оммавий нутқ сўзлашда ўзи танлаган “Қозоқ давлатчилигининг сарчашмалари” мавзусида комиссия томонидан ўрнатилган 15 дақиқа ўрнига 5 дақиқа нутқ сўзлаган ҳамда адабий нутқ меъёрлари уқувлари ва етарлича сўзлар захираси йўқлигини намойиш қилган”, – деб айтди комиссия раиси.
Натижада тил бўйича комиссия бир овоздан ушбу номзод қозоқ тилини яхши билмаслиги ҳақида қарор қабул қилган.
Қозоқ тилини билиш олий давлат лавозимига номзодни кўрсатишда асосий талаблардан бири ҳисобланади.
Аввалроқ яна бир номзод Асқар Сирғабаев ҳам тил бўйича имтиҳондан ўта олмаган эди.