120 дан ортиқ зирҳли техника воситалари, жумладан, танклар АҚШдан Латвияга олиб келинди. Бу ҳақда Латвия мудофаа вазири Раймондс Вейонис маълумотларига таяниб РИА Новости ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Вазирликнинг маълум қилишича, бу техникаларга M1A2 Abrams русумидаги танклар ва M2A3 Bradley русумидаги зирҳли машиналар киради. Шунингдек 120та техникаларнинг таъминлаб туриш учун эҳтиёт қисмлари ҳам олиб келинган.
“Иттифоқчиларнинг (NАТО ва АҚШ назарда тутилмоқда – Kun.Uz) борлиги Латвияда бирдамлик ва хавфсизлик жойида бўлишини англатади”, дея ёзади Раймондс Вейонис твиттердаги шахсий саҳифаси орқали.
АҚШ томони Россия Қримни ўзига қўшиб олгач, Болтиқбўйи ва Польша ҳудудларига ҳам хавф солиши мумкин деб ҳисоблаган ҳолда ўз қўшинларини ушбу мамлакатларга киритмоқда. Ҳозирда Латвияда 150 нафар АҚШ десантчилари ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Латвия 2004 йилдан буён NАТО ҳарбий блоки аъзоси ҳисобланади.