10 март куни кечаси ижтимоий тармоқлар бўйлаб Марказий Осиё Мусулмонлар Диний Идорасининг собиқ муфтийси, ҳамда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги биринчи муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 63 ёшида бу дунёдан риҳлат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Бироз ўтиб, шайхнинг яқин кишилари бу хабарларни тасдиқлади.
Маълум қилинишича, мусулмон оламидаги машҳур диний арбоблардан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф юрак хуружи хасталигидан вафот этган.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, воқеа соат 20:00 атрофида, шайх Тошкент шаҳридаги Ислом Университети спорт залида баскетбол билан шуғулланаётган пайтда юз берган.
Kun.uz таҳририяти шайхнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр тилайди.
Хабар берилишича, Жаноза намози 2015 йил 11 март, чоршанба куни, Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида (“Кўкча масжиди”) пешин намозидан сўнг ўқилади.
Маълумот учун:
Муҳаммад Содиқ ибн Муҳаммад Юсуф ибн Муҳаммад Али, 1952 йилнинг 15 апрелида Андижон вилоятида таваллуд топган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистонда ва ислом дунёсидаги энг машҳур олимлардан эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Ислом уламоларининг энг катта нодавлат ташкилоти бўлган Ислом Уламоларининг Миллатлараро Иттифоқининг пешқадам аъзоларидан бири ҳисобланарди.
Шайх Муҳаммад Содиқ бошланғич диний таълимни отасидан олган. Совет ўрта мактабини 1970 йилда тўлиқ аъло баҳоларга тугатгач, Муҳаммад Содиқ Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ўқишга қабул қилинади. Кейинчалик, Тошкентдаги Олий Ислом Институтида таҳсил олиб, 1975 йилда муваффаққиятли тамомлади. 1976 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ливиядаги ад-Даваъ ал-Ислами Миллий Ислом Университетига қабул қилинди, ҳамда молиявий рағбат билан муваффаққиятли тамомлаган. Ливияда таҳсил олиш йиллари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Мусулмон уламоларининг келажак авлодига, айниқса, Араб дунёсига ва ҳаттоки узоқ Япония каби мамлакатларга ҳам танитган.
1997 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудия Арабистондаги халқаро Ислом ташкилоти бўлган Робита ал-Исломия (Мусулмон Олами Лигаси) таркибидаги Мусулмон давлатлар ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги федерациясига раҳбар этиб тайинланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шу кунгача ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланар эди.