Ўзбекистон риэлторлар корхоналари ассоциацияси (РТА) ўз фаолияти учун асосий тўсиқ сифатида кўчмас мулк бозорида ноқонуний иштирокчилар, яъни “қора маклер”ларнинг борлигини кўрсатмоқда. Бу ҳақида “Правда Востока” газетасига берган интервьюсида РТА ижрочи директори Абдумалик Алиев маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мазкур муаммони маълум миқдорда ҳал этган бўлсада, бу борада жуда кўп ишларни амалга ошириш зарур. Ноқонуний иштирокчиларни бозордан чиқариш бўйича Ассоциация хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, солиқ, ички ишлар идоралари, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Фуқароларнинг маклерларга мурожаат қилишларининг асосий сабаби шундаки, риэлторлик ташкилотларига нисбатан маклерлар арзон нархларни таклиф қилишади.
Шу билан бирга, РТА ижрочи директорининг фикрича, эртами ёки кечми риэлторлик ташкилотлари устунликка эришадилар. Чунки, профессионал иштирокчилардан ташкил топган кўчмас мулк бозори мавжуд давлатларда кишилар ўй сотиш ёки сотиб олиш билан боғлиқ масалани кўчадан келган, лицензияга эга бўлмаган кишиларга умуман ишонмайдилар.
Айтиб ўтиш жоизки, кўчмас мулк бозори биргина сотиш ёки сотиб олиш билан чекланмайди. Мазкур ташкилотлар фаолияти доирасига ҳадя қилиш, мерос қилиш ва бошқа шу каби вазифалар киради. Амалдаги қонунчиликка асосан, бу масалаларни биргина ихтисослашган ташкилотлар бажариш ҳуқуқига эгадилар.