Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўлари” ДАТЙК ўртасида Хайратон-Мозори-Шариф темир йўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатишни давом эттириш бўйича шартнома имзоланган. Бу ҳақида Афғонистон Миллий телерадиокомпанияси маълум қилди.
Шартнома уч йилга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон ҳар-бир йил учун 19 миллион АҚШ долларини олади. Бундан ташқари, “Ўзбекистон темир йллари” 150 нафар темир йўл муҳандисларини тайёрлаб беради.
Афғонистон жамоат ишлари вазири Нур Гуль Мангалнинг айтишича, шартнома Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Экспертлар баҳолашига кўра, кейинги уч йил давомида Ўзбекистоннинг транзит компаниялари ва хизматлари Афғонистон ҳукуматига камида икки миллион доллар миқдорида солиқ тўлашади.
Шартномага кўра, Афғонистонлик тадбиркорлар ҳам Хайратон-Мозори-Шариф темир йўли орқали ўз товарларини экспорт қилишлари мумкин бўлади. Илгари улар фақатгина импорт қила олардилар. “Ўзбекистон темир йўлари” ДАТЙК эса ўз ўрнида Афғонистоннинг камида 4 миллион тонна товарини экспорт қилиши лозим бўлади.