Ўзбекистонда президент сайловларига саноқли кунлар қолмоқда. Номзодларнинг сайловолди дастурини ўрганишни давом этмоқдамиз. Бу гал Ўзбекистон Халқ-демократик партиясидан номзод қилиб кўрсатилган Хотамжон Кетмоновнинг сайловолди таклифларига эътибор қаратмоқчимиз.
Кетмоновнинг фикрича, Ўзбекистонда фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ва дори воситаларининг нархи устидан давлат назоратини кучайтириб, дори-дармонлар рекламасини чегаралаш лозимдир.
Унинг айтишича, бунинг сабаби қуйидагилардан иборатдир:
Биричнидан, у ёки бу дори воситаси ташҳис қўйилганидан сўнггина тайинланиши керак. Реклама эса кишиларни ўзини-ўзи ташҳис қилиш ва ўзини-ўзи даволашга ундамоқда.
Иккинчидан, фармацевтика корхоналари рекламага ҳаддан зиёд маблағ сарфлашлари қибатида дориларнинг нархи ошиб бормоқда. Бу эса партия электорати ҳисобланган имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг қимматбаҳо дориларни сотиб олиш имкониятларини чегаралайди.
Учинчидан, дори воситалари рекламасида бошқа шу турдаги, аммо нисбатан арзон дори воситалар кўрсатилмайди.