Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бир қатор давлатлар – жумладан Қувайт, Бахрейн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар қуролли кучлари Ямандаги исёнкорларга қарши кенг қамровли харбий амалиётларни бошлади.
Ҳозирча пойтахт Санадаги харбий иншоатларга зарба берилгани ҳақида хабар тарқатилди. Бу хақда БМТ огохлантирилди, дейилади халқаро ташкилот томонидан тарқатилган баёнотда.
БМТ Бош котибининг расмий вакили ўринбосари Фархан Хакнинг айтишича, Яманда юз бераётган ходисалардан БМТ хабардор. Шуни таъкидлаш керакки, кеча Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси Одил Ал Жубур баёнот бериб, Яманга қарши харбий амалиёт бошланганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига қараганда Подшохлик қўшни давлатнинг таназзулга учрашига йўл қўймайди ва бу мамлакат аҳолиси ва қонуний президент Абд Раббо Мансур Хади бошчилигидаги хукуматни химоя қилади.
Дипломатнинг айтишича, зарбалар ҳаводан берилади ҳамда битта шахар ёки минтақа билан чекланиб қолмайди. Харбий амалиёт бошланишидан аввал Эр-Рияд Вашингтон билан маслаҳатлашиб олган. Амалиётда АҚШ харбийлари иштирок этмаяпти. Эслатиб ўтамиз, бундан аввал БМТ Ямандаги муаммоларни харбий йўл билан хал қилишга қарши чиққан эди.
Шуни таъкидлаш керакки, 2014 йилнинг август ойидан бошлаб Яманда сиёсий беқарорлик кузатилмоқда. Бу ўз навбатида хавфсизлик масаласида бир қатор муаммоларга сабаб бўлди. Шу йилнинг январ ойи сўнггида хоусит қабиласининг қуролли бўлинмалари президент ва хукуматни истеъфога чиқаришга муваффақ бўлган эди. Аммо кўп ўтмай президент истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасини қайтариб олгди. АҚШ маъмурияти исёнкорлар харбий харакатларни тўҳтатиб музокоролар жараёнига ўтиши кераклигини талаб қилмоқда.