Марказий сайлов комиссиясида МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашув бўлиб ўтди.
Миссия таркибида Озарбайжон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ҳамда МДҲ Ижроия қўмитасидан 72 нафар кузатувчи бор. ЎзА хабар қилишича, улар сайловни баҳолашда катта тажрибага эга марказий сайлов комиссиялари раҳбар ва аъзолари, парламент ва ҳукумат аъзолари, дипломатлар, сиёсий партиялар вакилларидир.
-Кузатувчиларимиз сайлов участкалари фаолияти билан танишмоқда, уларга барча зарур ахборот тақдим этилмоқда. Ҳамма жойда бизни қўллаб-қувватлаб, фаолиятимизга ёрдам кўрсатилмоқда. Миссия холислик, халқаро ва миллий қонунчиликка ҳурмат ҳамда уларга амал қилиш принципларига риоя этади. Ўзбекистонда сайлов юксак демократик талаблар асосида ўтишига ишонамиз, – дейди С.Лебедев.