Ўзбекистон фуқароси декларациядан ўтказилмаган деярли 3 миллион АҚШ доллари ва 3700 БАА дирҳами миқдоридаги маблағларини Россия Олий суди орқали қайтариб ололмади.
Россия суд органлари фуқаронинг маблағини қайтариб беришдан бош тортди ва маблағ маҳаллий валютага айлантирилиб Россия бюджети 163 миллион рублга бойиди, дея ёзмоқда12news.uz интернет нашри.
Манбанинг маълум қилишича, 2013 йилнинг октябрь ойида Урал ўлкаси пойтахтига «Ўш – Екатеринбург» йўналишида учиб келганида самолёт борти текширилган ва ушбу маблағ қўлга киритилганди.
«Россия суди Ўзбекистон фуқаросининг ноқонуний йўллар билан пул олиб киргани бўйича айблов эълон қилди ва унга 109 868 рубль, 700 тийин миқдорида жарима белгиланди. Аммо асосий жазо унинг 2 млн 955 минг 740 АҚШ доллари ва 3700 БАА дирҳамидан фақатгина 10 минг доллари қайтарилгани бўлди. Чунки фақатгина шу миқдордаги маблағни ҳеч қандай декларацияларни тўлдирмасдан олиб ўтиш мумкин», дея гапириб ўтди маҳаллий божхона идораси вакилларидан бири.