Чилининг шимолида сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 нафарга етган. Бу ҳақда мамлакат Фавқулотда ҳолатлар миллий бошқармаси хабар берган.
Сўнгги маълумотларга кўра, бедарак йўқолганлар сони ҳам ошиб бормоқда ва ҳозирда улар 57 нафарга етган. Шундай қилиб Чилида иккинчи ҳафта давом этаётган сув тошқинлари қурбонлари сони ортиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Сув тошқини кучли ёмғир ёғиши оқибатида юзага келган бўлиб, бу сўнгги 80 йилда кузатилган табиий офатдир. Бунинг натижасида дарёлар ўзанидан тошиб аҳоли яшаш пунктларини сув остида қолдирган. Табиий офатдан Антофагаста, Атакама ва Кокимбо вилоятлари энг кўп зиён кўрган.
Мактабларда машғулотлар бекор қилинган, шаҳарларда комендантлик соати жорий этилган. Маҳаллий хукумат табиий офатдан жабр кўрганларга ёрдам бермоқда.