O'tkazib yubormang

Республикадан хориж валютасини ноқонуний олиб чиқиш ҳолатларига барҳам берилмоқда

Амалдаги тартибларга мувофиқ норезидентлар яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга Ўзбекистонга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Аммо бу оддий  тартиб-қоидага беписандлик қиладиганлар ҳам йўқ эмас.  Бу ҳақида  “Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати  маълум қилмоқда.

Масалан, қозоғистонлик Ш.Калмуратов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган)  Сеулга парвоз қилиш олдидан йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 2 минг АҚШ долларини олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Киевга парвоз олдидан украиналик Л.Джумаева  пуллари орасидан 3300 долларини санаб, сумканинг кўз илғамас чўнтагига яширди ва таваккал қилганча, божхона назорати ҳудудига кириб келди. Аслида, бу пул божхона баённомасида қайд қилинмаган, содда қилиб айтганда яширинча олиб чиқишга кўзланган  пуллар эди!

Юртимиздан ўз шаҳрига қайтаётган урумчилик А.Годун  2200 АҚШ доллари ва 4200 хитой юанини қўл юкларига яширганча олиб чиқишга уринган пайтда фош қилинди.

Унинг ватандоши А.Веньян ҳам яширинча олиб ўтишга уринган 3100 АҚШ долларидан маҳрум бўлди.  Чунки, у мазкур валюталарни йўловчи божхона баённомасида атайлаб қайд қилмаган эди.

Моквага парвоз олдидан россиялик З.Равилов божхона кўригидан ўтказилганда ҳаммаси ойдинлашди. Равиловга юклари орасига 3200 АҚШ долларини яширган ҳолда ҳаво кемасига чиқиш насиб қилмади!

dollar-700x357

“Тошкент-Иркутск” рейси бўйича парвозга шайланган К.Сергей она шаҳрига парвоз олдидан яширинча олиб чиқишга уринган 3650 АҚШ доллари билан “хайрлашиши”га тўғри келди.

Нижний Новгородлик Т.Лилия нақд хорижий валюталарни эгнидаги ички кийимлари орасига яширди. Аммо, шахсий кўрик давомида божхоначилар унинг қонунга зид ҳаракатларига нуқта қўйишди.

Божхоначилар туркиялик Демир Ҳасан 6750 евро ва 250 фунт-стерлинг миқдоридаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона баённомасида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқишга уринган экан.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter