O'tkazib yubormang

ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши билан боғлиқ мулоҳазалар

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тартиб-қоидаларига биноан ҳар йили аъзо мамлакатлардан бири унга раис бўлади. Шу йилнинг 9- 10 июль куни Уфада ташкилотнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Мазкур саммитидан кейин ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтди. Таомилга биноан раислик қилувчи давлат ўз ҳудудида навбатдаги саммитни ташкил қилди. Демак, келаси йили Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитига Ўзбекистон мезбонлик қилади.

 Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг асоси  ўтган асрнинг 60 йилларида пайдо бўлган. Ўшанда собиқ иттифоқ ва Хитой ўртасида чегара муаммоларини тинч йўллар билан ҳал қилиш куннинг асосий масалаларидан бири эди. Собиқ Иттифоқ тарқаб кетгач, Хитой янги пайдо бўлган Марказий Осиёдаги ўз қўшнилари билан ҳудудий масалаларини  замонага мос равишда хал қилишга қарор қилди. Шу тариқа минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги истиқболлари очилди. Қулай сиёсий муҳит туфайли 1996 йилда минтақада янги – ”Шанхай бешлиги” деб ном олган ташкилот ташкил топди.

Марказий Осиё муаммоларини Ўзбекистоннинг иштирокисиз ҳал ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаган Россия ва Хитой таклифи билан 2001 йил Шанхайда бўлиб ўтган “Бешлик” саммитида Ўзбекистон ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Бу Ўзбекистон мустақиллик йилларида стратегик манфаатларини такомиллаштириб бориб, минтақамизда барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан фаол ҳамкорликка тайёр эканлигини намоён қилди. Таҳлилчилар тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон ташкилотга қўшилмади, балки ташкилотнинг муассиси ва тенг ҳуқуқли қатнашчисига айланди. Ўзбекистоннинг ШҲТда иштироки мазкур ташкилотни мустаҳкамлаш билан бирга, минтақавий муаммолар ечимини тугал ва самарали бўлишини таъминлади. ШҲТнинг Ўзбекистон манфаатлари билан ҳамоҳанг жиҳати бор. “Учта ёвуз куч”-  халқаро терроризм, диний экстремизм ва айирмачилик, шунингдек гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо мамлакатлар билан мавқеи деярли бир хил.

Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди. Таъкидлаш жоизки, кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, ШҲТ инсониятнинг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари — иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади. Ана шу икки устувор йўналишга алоҳида урғу берилади. Зеро, хавфсизлик орқали ҳамкорликни ривожлантириш, умумий тараққиётга эришиш ташкилотнинг асосий мақсадидир. Евроосиё ҳудудининг 61 фоизини, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қилган мамлакатлар иштирокидаги Янги ташкилот қабул қилган биринчи ҳужжат “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини тузиш тўғрисидаги Деклорация”, “Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция бўлди. Орадан 1 йил ўтиб Санкт-Петербургда бўлиб ўтган саммитда ташкилотнинг тузилмаларини  шакллантириш  бошланди. 2003 йилда эса ШҲТ Котибияти (қароргоҳи Пекинда) ва Минтақавий Аксилтеррор тузилмаси (қароргоҳи Тошкентда) ташкил этилди. 2004 йил 1 январидан бошлаб амалий механизми, маъмурияти ва бюджетига асос солинган ШҲТ тўлақонли халқаро ташкилот сифатида тан олинди. Ташкилотнинг фаолият кўламини кенгайтириш мақсадида 2005-2006 йилларда ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Форуми ташкил қилинди.

ШҲТ тузилганидан кейин кўплаб давлатлар унинг сафидан жой олиш истагини билдирди. Бугунги кунда жаҳонда нуфузи ортиб бораётган ШҲТга 6 та – Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой аъзо. Ҳиндистон, Эрон, Мўғилистон ва Покистон кузатувчи мақомига эга. Беларусь ва Шри-Ланкага Мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилган. ШҲТ саммитларида МДҲ, АСЕАН ва Афғонистон раҳбарларининг таклиф этилиши ташкилотнинг истиқболидан дарак беради.

Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТ ҳарбий ташкилот эмас. Бу ташкилот асосан аъзо давлатларнинг ҳавфсизлигини таъминлашга масъулдир. ШҲТнинг ўз олдлига қўйган вазифалари барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда фаолият юритишдан иборатдир. Сўнгги вақтларда жаҳонда нуфузи ортиб бораётган Ташкилот ўз олдига урушлар ва ҳарбий-сиёсий тўқнашувлар хавфини даф этиб, тинчлик, фаровон ҳаётга эришиш каби улуғ мақсадни қўйган. Қароргоҳи Тошкентда бўлган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ўз меваларини бермоқда. Шу давр мобайнида МАТТ томонидан мингдан ортиқ террор ҳодисаларининг олди олинди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг махсус ҳизматлари томонидан эса террор ташкилотларининг раҳбарлари қўлга олинди ва йўқ қилинган. ШҲТ доирасида маданий ва гуманитар соҳаларда алоқалар ривожланиб бормоқда. 2002 йилда Пекинда маданият вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Аъзо мамлакатларда маданият кунларини ўтказиш борасидаги таклифлар қўллаб-қувватланди. Ўтган давр ичида бир неча тадбирлар ўтказилди. Мамлакатлар ўртасида талабалар ва ўқитувчи-профессорлар алмашувлари йўлга қўйилган. Санъат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда.

ШҲТ давлатлари ўзаро муносабатларда «Шанхай руҳи»га амал қилади. Бу ибора қарорларни консенсус асосида қабул қилиш, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашув, биргаликда тараққий этишга интилиш тамойилларига қатъий амал қилиш демакдир.

Уфада бўлиб ўтадиган саммитда ШҲТ раислиги Ўзбекистонга ўтди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон ШҲТнинг барча аъзо давлатларида изчил ва барқарор иқтисодий-ижтимоий тараққиётни таъминлаш, аҳоли бандлиги масалаларини ҳал қилиш ва турмуш даражасини юксалтиришга кўмак берадиган ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида мазкур ташкилот кузатувчи мамлакатларининг ресурслари ҳамда бозорларидан янада фаолроқ фойдаланиш ва уларни жалб қилишни ёқлаб чиқаётганини таъкидлашмоқда. Шу билан бирга ШҲТ га аъзо давлатлар ҳудудида  Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида  корхоналар  ишлаб турибди.

Ўзбекистоннинг ШҲТида раислик қилиши ушбу ташкилот ривожланишига ижобий туртки бўлиб хизмат қилишга, шу даврда ташкилотнинг халқаро алоқалари, унинг ҳуқуқий ва меъёрий асосларининг мустаҳкамланишига эътибор қаратилиши аниқ. Тахлилчилар томонидан Ўзбекистон ҳамиша ўзининг ШҲТдаги раислигига аниқ ва мувозанатлашган ёндашув билан қараши, мамлакатимиз мазкур ташкилотнинг нуфузини кўтариш мақсадида фаол ҳаракат қилиши таъкидланади.

Халқаро экспертлар ўтган галги Ўзбекистоннинг ташкилотга  раислиги  доирасида ШҲТнинг нуфузини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ривожланиши йўлида муҳим қадамлар қўйилганлигини эътироф этишмоқда. Ўшанда бир йил мобайнида Ўзбекистон бир қатор янги ташаббуслар билан чиқди ва уларни амалда татбиқ этди. Бу вақт мобайнида Ўзбекистон ШҲТнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, ШҲТ Хартиясидаги мақсадлар, вазифалар ва тамойилларга мувофиқликни сақлаган ҳолда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш орқали ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди.

Шуни таъкидлаб ўтамиз, ўша йили апрель ойида Пан Ги Муннинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнида ШҲТ ва БМТ Котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланган эди.  Хусусан, Ўзбекистон Президенти ШҲТ доирасида қарорлар қабул қилиш механизмларини, ташкилот ва унинг тузилмалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Тошкентда ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида имзоланган Қўшма декларация Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Контртеррористик қўмитаси ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришга йўл очади. Бугунги кунда дунёдаги ҳеч бир муаммони алоҳида бир давлатнинг саъй-ҳаракати билан ечиб бўлмайди. Жумладан, хавфсизлик ва экология муаммолари камида минтақа миқёсидаги ҳамкорликни тақозо қилади. Шу маънода ШҲТ билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг расмийлаштирилиши икки томон учун муҳим масалаларни ечишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишга кенг йўл очади. БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича қўмитаси, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази каби тузилмалари ШҲТ билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қабул қилинган Қўшма декларация бу ҳамкорликнинг имконият ва салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Европа Халқаро муносабатлар институти вице-президенти Жак Липпернинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон томони Ташкилотнинг янада ривожланиши борасида аниқ ва прогматик ёндашувга амал қилди. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида минтақавий ҳавфсизликни таъминлаш бўйича, терроризм, айирмачилик ва экстремизм каби уч ёвуз иллатга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга молик.

Россия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти ходими Елена Кузьминанинг сўзларига кўра, Ўзбекистон нафақат сиёсий йўналиш, балки иқтисодий йўналишда, транспорт коммуникацияси масаласини ҳал этишда, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга татбиқ қилишда Ташкилот самарадорлигини янада ошириш борасида жиддий  мулоҳаза юритади.

Япониянинг Марказий Осиё ва Кавказ институти ижрочи директори, профессор Тецужи Танака Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги жуда фаол ва самарали кечганини таъкидлади.

Деҳли университети профессори Холид Альвин “ШҲТ ташкил топган вақтдан бошлаб Тошкент ушбу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни фақат барқарорлик ва хавфсизлик масалалари билан чегаралаб қўймасдан, балки савдо-иқтисодий, янги транспорт йўлагини ташкил этиш каби соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори бўлган”лигини таъкидлади.

Ҳиндистоннинг “Политикал Эвентс” ахборот-таҳлилий журнали сиёсий шарҳловчиси Дхар “Ўзбекистон ўз раислигининг устивор йўналишларидан бири сифатида Ташкилотнинг фаолият доирасини кенгайтириш, унинг халқаро алоқаларини ривожлантириш, унга янги аъзоларни қабул қилиш каби масалаларни белгилаб олдики, бу шубҳасиз, жаҳон саҳнасида ШҲТнинг тутган ўрни ва аҳамиятининг ошишига хизмат қилади”, деди.

Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатларнинг 2020 йилгача мўлжалланган кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини ижро этиш бўйича чора-тадбирлар режасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ШҲТ учун транспорт коммуникацияларини ривожлантириш устувор масалалардан саналади. Е-40 халқаро маршрутини реконструкция қилишни имкон қадар тез якунига етказиш у барча аъзо давлатлар учун муҳим аҳамиятга эга эканини инобатга олиб, Ўзбекистон бу йўлнинг ўз ҳудудидаги қисми бўйича мажбуриятларини тўла бажариб бўлди. Айни пайтда мамлакатимиз Е-40 халқаро маршрутининг марказида «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасини барпо этмоқда. Шубҳа йўқки, Марказий Осиёда янги қўшма лойиҳалар амалга оширилгани сайин, яъни ишлаб чиқариш корхоналари ва йўллар барпо этиш кўпайгани сари ШҲТ мамлакатлари учун «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасининг аҳамияти ошиб бораверади. Ташкилот аъзолари уни ривожлантиришда фаол қатнашиши мумкин.

Шарофиддин Тўлаганов

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter