Жорий йилнинг 29 июнь куни тахминан соат 10-30да Қирғизистоннинг Боткент вилояти Қадамжой тумани Дугоба аҳоли пунктида жойлашган назорат ўтиш жойида хизмат қилаётган қирғизистонлик маст чегарачи Фарғона тумани Шоҳимардон анклави Машаланг аҳоли пункти ёнида жойлашган назорат-ўтиш жойига қаратиб автоматдан ўқ отган. Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чеарасини қўриқлаш қўмитаси чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, Бухоро вилоятида туғилган оддий аскар Давлатов Собир Шокир ўғли ярадор бўлган ва туман тез тиббий ёрдам бўлими маълум қилишича, Фарғона тумани касалхонасига олиб борилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги манба берган маълумотга кўра, Машаланг аҳоли пунктининг бир қисми баҳсли ҳудуд ҳисобланади ва бу чегарадош жойда яшовчи аҳоли мол боқиш билан шуғулланади. Чегарадош ҳудудда фуқароларнинг бўлишини тартибга солиш мақсадида иккала томондан ҳам бир-биридан 300 метр узоқликдаги назорат-ўтиш жойлари ўрнатилган.
Гувоҳларнинг айтишича, қирғизистонлик маст чегарачи ўзбекистонлик чегарачиларга қаратиб қирғиз тилида ҳақорат сўзларни айтиб, ҳеч қандай асоссиз “Калашников” автоматидан ўқ отган.
Таъкидлаш лозимки, ўзбекистонлик чегарачи ўз ҳудудида хизмат вазифасини ўтаётган пайтда ярадор қилинган ва унинг ўққа тутилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишувлар, шу жумладан ҳалқаро нормаларнинг бузилиши ҳисобланади.
Ўша куннинг ўзида минтақавий даражада чегара вакилларининг учрашуви ўтказилган. Қирғизистон вакили полковник Шаршеев воқеа тафсилотлари билан танишиб, ҳолат юзасидан қирғизистон томони номидан узр сўраган.
Мазкур ҳодиса бўйича Ўзбекистон ички ишлар идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилган.