Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев акциялари давлатга қарашли “Озарбайжон Халқаро банки”ни хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ чоралар кўришга қаратилган фармонга имзо чекди.
Нефтга бой мазкур мамлакатдаги йирик ва давлатга қарашли ягона ҳисобланмиш кредит институтининг молиявий соғломлаштириш ва кейинчалик хусусийлаштириш тўғрисида имзолаган фармон президент сайтига жойлаштирилди. Илхом Алиев томонидан имзоланган Фармонда таъкидланишича, банкнинг молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳамда 2008-2009 йилларда юз берган глобал молиявий инқироз банкка таъсир кўрсатишини олдини олиш учун давлат идоралари молия институтига доимо ёрдам бериб келган. Бунинг натижаси ўлароқ банк капитали сақлаб қолинди хамда банк халқаро ва махаллий кредиторларнинг ишончли ҳамкорига айланди.
Молиявий кўрсаткичлар бўйича Озарбайжон Халқаро банки мамлакатдаги энг йирик банк саналади хамда тадбиркорларга кредит бериш, ахолига банк хизматларини кўрсатиш масаласида муҳим рол ўйнайди.
Президент фармонида қайд қилинишича, сўнгги вақтларда бошқарув томонидан қўйилган хатолар, жумладан самарасиз лойихаларни молиялаштириш туфайли банкнинг молиявий ахволи ёмонлашган. Юзага келган мураккаб вазиятни бартараф этиш, банк молиявий мавқеини қайта тиклаш учун банк активларини махсус тузилмаларга бериш зарурияти пайдо бўлди, дейилади президент фармонида.
Банкнинг 51,7 фоизи Молия вазирлигига қарашли бўлиб, вазирлик банк активларининг 35 фоизни назорат қилади. Шуни таъкидлаш керакки, Озарбайжондаги йирик банк жиддий муаммолар билан тўқнаш келганини айтган Халқаро Валюта жамғармаси 2011 йилда Баку расмийларига мурожаат қилиб Давлат банкини хусусийлаштиришга чақирган эди. Ўшанда Озарбайжон Халқаро Банки бу таклифни танқид қилиб чиққан эди.
Куни кеча эълон қилинган президент фармонида Молия вазирлиги ва Озарбайжон Марказий банки 15 кун мобайнида Озарбайжон Халқаро банкининг муаммоли активлари улушини аниқлаб, босқичма босқич бу активларни банк ҳисобидан чиқариш ва кейинчалик давлатга тегишли “Аграркредит” ташкилотига берилиши лозимлиги таъкидланади.
Муаммоли активлар бўйича бошқарма ҳаражатларини молиялаштириш “Аграркредит”нинг узоқ муддатли облигациялари ҳисобидан қопланади.
Марказий банк “Аграркредит”нинг облигацияларини олди-сотдиси ва йўқ қилиш билан боғлиқ зарур чораларни кўриши лозим. Вазирлар маҳкамасига эса бу облигациялар бўйича давлат кафолати берилиши юклатилди.
Фармонга кўра “Аграркредит” кредит қарзлари, гаров ва кафолатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ўз навбатида молия вазирлиги “Аграркредит” ўз зиммасига олган мажбуриятларни қандай бажараётганини назорат қилиб туриши керак бўлади.
Озарбайжон Халқаро банкини соғломлаштириш ва реструктуризация тадбирлари якунлангач, орадан олти ой ўтиб, Молия вазирлиги давлатга тегишли акцияларни хусусийлаштириш режасини ишлаб чиқиши лозим.
Мамлакатдаги энг йирик деб айтиладиган Озарбайжон Халқаро банкининг қароргохи Бакуда жойлашган. Банкнинг 40дан ортиқ шахарда 36 та филиали ва 95та нуқтаси бор. Хорижий мамлакатларда ҳам филиаллари фаолият кўрсатади. International Research Group Business Insight (BI)Халқаро тадқиқот компанияси ўтказган тадқиқотларга кўра, мазкур банк Озарбайжондаги энг ишончли ва нуфузли дея тан олинган. Банк Global Finance журнали эълон қилган рейтингга кўра 2012 йилда жаҳондаги энг яхши банклардан бири дея тан олинган. 2011 йилда Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги мамлакатлари Халқаро банк конференцияси ва Халқаро кредиторлар ташкилоти Озарбайжон Халқаро банкини “Сармоялар фариштаси” деб аталмиш мукофот билан тақдирлади.
Шарофиддин Тўлаганов