“Ака, шу бир тийинга қиммат Мирзанинг концертига шунча чиқим қилиб тушяпсизми?!”
Уч-тўрт кун аввал патталарни кўриб қолиб, синглимнинг айтган сўзлари.
Ташқарида ёмғир аямай савалаб, намлик ҳовуримни босаётган бўлмасин, журналистика қоидаларидаги йўналиш ва ўз услубим асносида узоқдан гап бошлашга а л а м йўл қўймади. Халқни алдаб бўлмайди. Алданса, алами кучга киради.
Истиқлол санъат саройига қадам босаётганимда икки соатдан сўнг шу концерт ҳақида куйиб-пишиб жаҳлда клавиатураларга зарб беришим хаёлимга ҳам келмаганди. Хуллас, пардалар очилиб, В.Шамшиев парданинг у ёғидан бу томонига ўтиб кетдию, “Мирзо” театрининг учига чиққан бачканалиги ҳам шу фикратларим муқаддимасидек дабдурисдан олғаланди.
“Шукур ака, мен бир туш кўрибман… Тушимда сизни роса қоқибман. Ака, яна бир тушимда мени ваннамда ётганмишсиз. Нимага ваннамга кирдингиз?!” “Нимага чўмилишга кирилишини биласанку, укааам! Туш-ку, энди бу!” Аския экан деб, номусга қадар чуқур киришлар В.Шамшиев ва Ш.Исроилов диалогида кетма-кет ижро этилди. Лекин шунда ҳам ҳар қанча уринишмасин, саҳнада акс-садо берадиган даражада томошабин кулгуси эшитилмади.
Ўз фарзандларини катта саҳнага олиб чиқиб, ҳаминқадар қўшиқлар болалагандан болалаётган бугунги кунда М.Холмедов ҳам ортда қолмаяпти. Икки ўғлини “қулоғидан тортқилаб” саҳнада одам қилмоқчи. Яна бир томондан эса концертга репертуар қўшилмоқда, дақиқалар узайиб, концерт бунёдига ғишт қўйилмоқда. Эпласа, сўз устаси бўлиб халқни кулдириб юради, жуда эплолмаса, ашулачи бўлади-да!.. Бир ўқ ва бир неча қуёнлар. Тўғри-да, ўзидан кейин саҳна кеча чиққан Аваз Охун ёки қанақадир “Дизайн”чиларга қолсинми?!
Шу ўринда мавзудан бир оз чекиниш. Кўп бўлмади, “Наврўз” радиоси “Мирзо” театрининг оқсоқол хамкасблари биридан интервю олганди. Бошловчи янги авлод қизиқчилиги ҳақида савол бериб, Аваз Охун ҳақида суҳбатдоши фикри билан қизиқди. Унинг тўғридан-тўғри эфирдаги жавобини эшитиб, очиғи ҳайрон қолдим: “Ҳожибой ўлиб, Авазнинг омади келди. Йўлини тополмай юрган эди, марҳумнинг йўналишини шарт ушлади, қўйди. Ҳожибойга тақлидан гапиришни ўрнига қўяди, аммо ижод йўқ бу болада”. Мана сизга ёши улуғ “устоз”ларнинг ёш авлодга “оқ йўл”и. Мана нега ўзбек қизиқчилик санъати тараққий этмаслиги омилларидан бири! Орадан ҳеч қанча ўтмай, “ижоди йўқ бола” Истиқлолни бир ўзи икки соат оғзига қаратиб, марҳум Ҳ.Тожибоевга тақлидчи эмас, чинакам издош эканлигини исботлади.
Шахсан Мирзабек Холмедов эса қарангки, тўрт ой аввал Аваз Охун ўз концертида айтиб ўтган икки латифани бугунги репертуарида айнан такрорлади. Концерт давом этар экан, “эстрада юлдузи” О.Холмедов ижросидаги шўх-шўх янги қўшиқларни инобатга олмаганда ҳаттоки бир дона бўлса ҳам “янгисидан” айтилмади. Ҳамма латифалар ё ўзининг эски “хит”лари ё қаердадир кўпчилигимиз эшитган нарсалар бўлди. Энди нима қилишлари тахминан хаёлимдан ўтаётганида кутилганидек Мирзабек акамиз ота-она ҳақида монолог бошлаб юбордилар. Салкам йигирма дақиқалик залворли онлардан сўнг монолог яна О.Холмедов ижросидаги янада залворли қўшиққа уланиб кетди.
“Дизайн”театрининг икки дўстнинг ресторандаги суҳбати чиқиши анчайин омадли кечганди. “Мирзо” командаси буни ҳам дарҳол фаҳмлабди. Команда аъзолари Ботир ва Маъмур саҳна-ресторанга кириб келиб, икки қиз келишини кутадилар. Интернетда танишиб, расмларини ҳам кўрмаган қизларнинг бири чирооойли қиз иккинчиси … Ҳалимахон бўлиб чиқади. Ресторандаги мавзу яна ўша овқат ва Ҳалимахонимнинг очофатлиги атрофида кечиб, эски гаплар энсамга болта ураётганида зални тарк этдим. Балки охиригача ўтирганимда сюрприз саҳналар қўйилиб, кулгудан кўзларим ёшланиб, ичакларим узилиб, қўлим клавиатураларни унутган бўлармиди?! Яна ким билсин!..
“Ҳар сафар ҳар хил” дея номланиб, ҳар йили концерт бериш керак деган қандайдир мажбурият юзасидан қўйилган бу томошада залдаги 25-30 фоиз ўриндиқларнинг бўшлигининг ўзи ҳам “Мирзо”га нисбатан томошабин ихлоси қайтаётгани исботи эди. “Мирзо”нинг ўтган йилги ва ундан олдинги йиллардаги концертлари ҳам кутилганидек бўлмаган. Шахсан ўзим бу театрнинг мухлиси эдим. Охирги 5-6 йил ичида мухлисликдан оддий томошабинлик курсисига ўтгандим. Бугунги концерт хулосасида эса ўша курсини бир тепиб синдириб ташладим. Бағрикенг халқимизнинг соддалигидан фойдаланавериш хоҳ у қўшиқчи ва хоҳ сўз устаси бўлсин таъқиқланади. Халқни “ҳар сафар ҳар хил” алдаб бўлмайди. Алданса, қалами кучга киради.
IDROK.UZ
Barakalla zo’r yozibsiz
xich kim botinib etolmagan yoki xurmat yuzasidan dilidagi sozlarini qalamga kochirolmagan insonlarni sozlarini yozibsiz. bu maqolani oqigan insonga izohi xojati yoq.
Tashakkur.