Халқ бўлайлик
Кеч бошлаган кечикар.
1985-йил 29-май. Эйзел шаҳри, Белгия. Чемпионлар Кубоги мусобақаси финал ўйини. “Ливерпул” ҳамда “Ювентус” жамоалари ўртасидаги баҳс бошланишидан таҳминан бир соатлар қолган бир вақтда Ливерпул шаҳридан келган фанатлар рақиб жамоа ўйингоҳнинг мухлислари жойлашган қиммида тартибсизлик юзага келтира бошлашди. Икки томон бир-бирига турли буюмлани ота бошлашди. Оҳир оқибат инглизлар орадаги ажратув деворидан ёппасига ўта бошладилар. Кучли босим натижасида девор қулади. 39 нафар инсон ҳалок бўлиб, юзлаб инсонлар жароҳатландилар. Ҳалок бўлганлар орасида 11 ёшли болалар ҳам мавжуд эди.
1996-йил 26-октябрь Гватемала. Гватемала – Коста Рика ўйинидан сўнг фанатлар иштирокида оммавий жанжал юз берди. 82 нафар инсон бу футбол ўйинидан сўнг ўз уйига қайтмади.
2001-йил 9-май, Акка шаҳри, Гана. Миллий биринчилик ўйинида юз берган тиқилинч натижасида 123 нафар инсон нобуд бўлди.
24-март, “Бунёдкор” ўйингоҳи. Ўзбекистон – Филиппин терма жамоалари ўртасидаги баҳс. Ўйин олдидан икки жамоа аъзолари майдонга чиқиб келишга тайёргарлик кўришар эди. Ўйингоҳ ишқибозлар билан тўлган, ҳаммаёқ байроғимиз ранглари билан бурканган эди. Кўз қувонарди. Ўйингоҳдаги катта экранда Филиппин давлат байроғи тасвири узатила бошлаганди, мухлислар орасида ҳуштаквозлик ва норозиликни ифодаловчи овозлар авжига чиқди. Мен аввалига буни мухлисларнинг бироз савиясизлигига йўйдим. Гўё улар жамоа билан терма жамоа тушунчаларини аралаштириб юборишгандек эди, ҳар бир терма жамоа ўз мамлакатининг халқаро майдондаги юзи, байроқдори эканини унитган эдилар менингча. Филиппин давлат мадҳияси янграган дақиқаларда баъзи одамларнинг сукут сақлай олмаганлари, хуштаклар овози суст бўлсада эшитилиб туриши энди ғашимни келтира бошлади. Эй азизлар, бу футбол ҳолос…. бошқа бир давлат рамзларига ҳурматсизлик сабаби нима?
11-апрель, “Пахтакор” марказий ўйингоҳи. Майдонда Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда Қаршининг “Насаф” жамоалари баҳс олиб боришар, трибунада эса бу икки жамоа “ашаддий”лари хисоб-китоб қилишар эди. Бир-биридан “ширин” сўзлар, ҳеч қандай луғат китобларида топилмайдиган нодир иборалар икки томон вакиллари томонидан янграб турарди. Орада хакамларни ҳам эслаб ўтиш хотирадан кўтарилмади албатта. Айниқса тошкентлик “ашаддий”лар бу борада устунлик қилишди. Биринчи бўлим оҳирида кичик муштлашув ҳам бўлди. Яна ҳам шу милиционерлар бор бўлмаса билмадим бу холат қанчалар йириклашиб кетарди. Бу воқеаларни юртимиз футболи ҳақида маълумоти бўлмаган бирор меҳмон хорижлик кузатса майдонда икки алоҳида мамлакат , икки миллат, икки дин вакиллари харакатланмоқда, деб ўйларди. Дахшат……..
16 апрель, “Ўзбекистон” спорт мажмуаси. Дзюдо бўйича Осиё Чемпионати. Ҳеч бир муболағасиз нуфузи, мавкеи баланд мусобақа. Ташкилотчилик ёмон эмас. Аёллар ўртасида оғир вазнли спортчилар татамида. Дзюдочилардан бири жароҳати сабаб беллашувни давом эттира олмади. Жароҳат оғир эди, доктор спортчининг ўзи татамини тарк эта олмаслиги, унга ёрдам зарурлигини кўрсатди. Икки ходим замбил олиб чиқди. Мажмуада негадир кулги овозлари эшитила бошлади. Ходимлар бироз уриниб бўлса ҳам спортчини замбилга жойлашди. Аёлнинг ўзи жон оғриғидан инграб ётар менимча нима
бўлаётганини ҳам англамас эди. Одамларга оғир вазнли дзюдочини кўтаришга қийналаётган ходимларнинг ҳоли кулгили туюлди. Мажмуани баланд кулги ва хуштак овозлари тутди…….нақадар руҳан пастлик, маънан тубанлик.
Ҳудди шу манзил, ҳудди шу кун. Эркаклар ўртасида оғир вазнда ҳамюртимиз Абдулло Тангриев япониялик рақибга қарши курашмоқда. Тангриев мағлуб бўлди. Мен дзюдо билимдони эмасман аммо менингча спортчимиз бор имкониятини ишга солиб курашди. Аммо унинг мағлубияти қайд этилиши билан 15 cонияда одамлар билан тўла иншоат бўшаб қолди. Мухлислар мағлуб спортчимизга орқа қилиб, бошловчининг тақдирлаш маросимлари борлиги ҳақидаги сўзларига эътибор бермай мажмуани тарк этиш. Байроқлар кўтарилиб, мадҳиялар янграётган вақтда “Ўзбекистон” спорт мажмуаси бўшаб қолганди…..Аммо эртаси куни айнан шу Тангриев ғалаба қозониб жамоавий кўринишда олтин олишимизга ҳисса қўшганда худди шу оламон уни олқишлаб, қучишга тайёр эди…ютказишни ҳам билиш керак, азизлар.
Санаб ўтилган воқеалар балки кичик ва эътиборсиз бир ҳолатлардир, бироқ бундай аҳвол борган сари одатий тусга кириб қолмоқда. Мухлислик маданияти деган тушунча бизгача ҳали ҳануз етиб келмади. Биз шунчаки зерикмаслик учунгина мухлислик қилишни ўрганиб олдик. Кишининг зерикиши ёки зерикмаслиги эса бу жуда нисбий тушунча.
Бир йўналишдаги йўлларнинг манзили ҳам бир.
Хатоларимизни англаб, тузатувчи халқ бўлайлик.
Ирфон.