Кўҳликкина бу жувон бир қарашда дунёда ҳеч ташвиши йўқ инсонга ўхшайди: кўзлари кулиб туради, бироқ у тўққиз йилдан буён ўз организмида иммунитет танқислиги вируси билан курашмоқда, деб ёзади ЎзА.
Ўзининг айтишича, ҳамшира бўлиб ишлаб юрганида эҳтиётсизлик туфайли ишлатилган шприц нинасидан жароҳат олиб вирусни юқтириб олган. Эри бундан хабар топгач, қизи билан кўчага ҳайдаган. Даставвал аёл “шок”ка тушади. Йўл тополмайди. Маълум вақт ўтгач, юрагида минг бир хавотир билан қизини ОИВ тестидан ўтказади. Қизалоқ қонида мазкур вирус йўқлиги аниқланганда, шунча савдодан сўнг аёл илк бор “шукр” сўзини тилга олади ва Республика ОИТСга қарши кураш марказида даволана бошлайди…
____________________________________________________Foto: Vokrugsveta.ru
Ўзингни – ўзинг асра
ОИВни юқтирмаслик учун нима қилиш керак? Бу саволга беморларнинг ўзи ҳам, шифокор-мутахассислар ҳам бир хил жавоб беради: пок ва соғлом ҳаёт кечириш!
Шу боис мамлакатимизда ОИВ инфекциясига қарши курашишда халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий тафаккурини юксалтириш, тиббий маданиятини ошириш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш каби энг самарали усуллардан фойдаланилмоқда. 2015 йилда шу мақсадда таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда 200 дан ортиқ турли тадбирлар ташкил этилган, касалликдан сақланишга доир оммабоп тавсиялар акс этган 150 минг нусхадаги босма материаллар тарқатилган, фильмлар кўрсатилган. Натижада бугун аҳолининг ОИВ инфекцияси профилактикасидан хабардорлик даражаси 85 фоизга етган.
…Дарвоқе, мақоламиз аввалида айтган аёлнинг кейинги тақдири нима бўлгани ўқувчиларни қизиқтираётган бўлса керак.
– Бу аёлнинг ҳаётга интилиши ҳаммамизга, аввало, ўзига ёрдам берди, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази психологи Азиза Аҳмедова. – Зарур дориларни вақтида олиб, психологик тренингларда фаол қатнашди. Уч йил аввал ўзи каби ОИТСга чалинган беморимиз билан турмуш қурди. Эр-хотин организмида вирус хуружи ўта паст вақтда табиий йўл билан соғлом фарзанд кўришди. Ҳозир иккинчи қизи икки ёшда. Ҳар томонлама соғлом. Аҳил-тотув ҳаёт кечиришмоқда. Аёл келгуси фаолиятини ўзи каби беморларга ёрдам беришга бағишлади.