O'tkazib yubormang

“Одамлар чироқсиз яшашга маҳкумми?”

«Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида учраб тураётган айрим муаммолар, хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви, электр таъминоти ва табиий газ билан таъминлаш сингари вазифалар керак ва зарур вақтида амалга оширилмаяпти», деб ёзади кун.уз сайти щз саҳифасида.

Ушбу мақола чоп этилишига сайтга юборилган мактуб сабаб бўлган. «Мен Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бўлмиш Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, Дўстлик маҳалласида яшайман. Бу хатни ёзишимдан мақсад Қумқўрғон тумани, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси электр таъминотисиз қанчалик қийналишаётганини айтиб ўтмоқчиман», деган сўзлар билан бошланган мактуб.

«Асос шуки, бирор юмуш билан банкка борсангиз, электр токи йўқлиги сабаб одамларнинг, тадбиркорларнинг иши орқага сурилади, соатлаб кутишга тўғри келади. Нафақат мен балки бутун Қумқўрғон халқи шу нарсадан азият чекади. Наҳотки бутун шаҳарни электр токисиз қолдириш инсофдан бўлса? Маҳалла оқсоқоллари ва бошқа мутасадди ташкилот вакилларининг бу ҳолат билан иши йўқ. Чунки бу манзарага ўрганиб қолишган. Шаҳримиз йўллари даҳшатли даражада зимистон.

svet

Тошкентдан бирор текшириш келса, фақат шаҳарнинг янги қисмига ёки шаҳар ҳокимияти томонга боради. Шаҳардаги аҳвол билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Маҳаллий аҳоли бу муаммоларни ҳал қилиш учун югуравериб чарчади. Электр таъминоти бўйича тегишли идорага қўнғироқ қилинса, “биз энергияни тежаяпмиз”, дейишади. Халқни қоронғуда қолдириб, азоблаб тежашдан нима наф? Энди бир очиқ гапни айтсам, менинг бу илтимосимни шаҳар ҳокими эшитмайди ҳам. Чунки у “улуғ инсон”нинг вақти йўқ. Халқнинг дардини эшитмайди. Ахир қаерда бўлса ҳам раҳбар зоти ўз халқи учун фаровон ҳаёт қуриши керак эмасми? Қачонгача бизнинг туманимиз, балки Сурхондарёнинг чекка туманлари нурсизликдан азият чекади? Сурхондарё халқи билан ҳеч кимнинг иши йўқми?

Бу гаплар ўз кучини кўрсатмас, аммо Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида яшовчи одамлар ҳеч бўлмаса Қумқўрғондаги ҳолатни билиб оладилар. Ишонаманки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бу муаммоларнинг барчаси барҳам топади”.

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter