O'tkazib yubormang

Ёшларимиз орасида таблетка гиёҳвандлигига ружу қўйганлар кўпаймоқда

Гиёҳванд шахслар сафи янги туйғулар «овчилари» билан кенгайиб бормоқда. Нима қилмоқ керак? Ота-оналар нимадан сергак тортишлари лозим? Бугун республикада гиёҳвандлик ҳолати қай даражада, ота-оналар нималардан сергак тортишлари керак шу ва бошқа саволлар билан Республика наркология маркази раҳбар ўринбосари, нарколог-врач Ёқубжон Сариковга мурожаат қилдик, дея ёзмоқда,  Спутник нашри.
Ахборот манбааси ўз сайтида мавзу юзасидан мутахассис билан суҳбатлашиб, муаммони таҳлил қилади. 

imgpreview

– Ёшларда наркотик моддалар қабул қилиниши белгиларини қай тарзда аниқлаш мумкин? Ота-оналар биринчи галда нимадан сергак тортишлари лозим?

— Биринчи белги бу — «гиёҳванд шахс» пайдо бўлиши — яъни ёлғончилик, кейин авторитетларнинг йўқолиши. Яъни ҳар бир бола учун авторитет бу ота-она, устози, қариндош-уруғ авторитет(ҳурматга сазовор инсон) ҳисобланади. Наркотик истеъмол қиладиган ёшларда бу нарса йўқолади. Шунингдек, ота-онага бўлган ҳурмат ҳам йўқолади. Гиёҳванд шахс учун унинг ўз атрофидаги гиёҳванд моддани истеъмол қиладиган ўртоқлари, шериклари у учун «авторитет шахс»га айланади. Айтиш жоизки, гиёҳванд истеъмол қиладиган ўсмирларда агрессивлик белгилари юқори кечаяпти ва жуда қисқа муддат ичида яққол намоён бўляпти. Сабаби улар — ўсмир, ёшлар. Ёшларимизни ҳимоя қилиш учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда бола мактабда ўқиётган бўлса бесабаб дарс қолдиришлари, бесабаб дарс вақтида йўқ бўлиб қолиши — дейлик эрталаб дарсга келиб дарслар оралиғида бир-икки соатга «йўқолиб» қолиши ва яна дарс охирида пайдо бўлиши — боланинг ўзини тутиши, кийиниши, муомаласига жуда эътиборли бўлишимиз керак. Ўқишдан кейин фарзандни ота-оналар назоратга олишлари керак. Дейлик, мактабдан чиққан бўлса, нега уйга вақтида келмагани, мана шундай ҳолатларни кузатиш керак. Кейин ҳар бир ота-она ўз боласи билан савол-жавоб, яъни мулоқот қилиши лозим. Бола ўзгариб қолган, масалан характерида ўзгариш юз берган бўлса, бунинг сабабини(нега бунақа бўляпти) суриштириши керак. Бизлар кўпинча мана шундай оддий нарсаларга амал қилмаяпмиз. «Балоғат ёшида», «ўтиш даври-да» деймизда, бунга эътибор бермаймиз. Ўтиш даври билан наркотик модда истеъмол қилишдаги ўзгариш катта фарққа эга. Ҳаракатда қўполликлар пайдо бўлиши, ўқишга қизиқиши йўқолиши, ўсмир тобора одамови бўлиб қолгани, атрофда юз бераётган ҳодисаларга бефарқлиги — мана шуларга ўта эътиборли бўлиш керак.

1370174309_evropa-22podsela22-na-sinteticheskie-narkotiki

 – Бугунги кунда Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг энг кенг тарқалган тури қайси?

— Ҳозир гиёҳвандликнинг янги тури — таблетка гиёҳвандлиги пайдо бўлган. Трамадол — таркибида наркотик сақловчи таблеткалар ва вилса деган тутқаноққа қарши таблеткалар. Бу дорилар кучли қарамликка олиб келади. Кейин спайс моддаси пайдо бўлган — бу чекиш орқали истеъмол қилинади. Бундан ташқари, булочкаларни устига безак беришда, яъни озиқ-овқатда ишлатиладиган маданийлаштирилган кўкнор(мак) уруғи дейилади, шундан кимёвий йўл билан наркотик тайёрлаб истеъмол қиладиганлар ҳам учраб турибди.

– Ўзбекистонда гиёҳвандлик ҳолати ўтган йилларга нисбатан қай даражада?

– Ўзбекистонда 20 йил давомида 60 тоннадан ортиқ наркотик модда мусодара қилинди – Героин ва қора дориларни оладиган бўлсак, уларни истеъмол қиладиган беморлар сони кескин камайган. Лекин таблетка кўринишида — ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Асосан коллеж ва лицейларда ўқийдиган ёшлар орасида кўп учраяпти.

– Ўз фарзандида гиёҳвандлик асоратларини пайқаган ота-оналар қаерга мурожаат қилишлари лозим? — Бундай ҳолатларда ота-оналар нарколог врачларга мурожаат қилишлари керак. Ҳар бир туман поликлиникасида нарколог кабинети бор. Даволанишга келадиган бўлсак — бунинг учун наркология диспансери бор. Келиб бемалол мурожаат қилиб, ётиб даволанишлари мумкин. Ота-оналар ҳавотир олмаслиги керак, чунки барча мурожаатларда махфийлик сақланади.

__________________________________________________________________idrok.uz___________

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter