O'tkazib yubormang

Патинкабўёқ кўтармаган одам: иқтисод ва сиёсат ҳақида

Мамлакатимизда ўзгаришар шу қадар кўпки, ҳукумат чорак аср қувват йиғиб бугун нара тортаётган шерга ўхшайди. “Барчаси инсон манфаатлари учун”, тамойилида бастма-баст чиқарилаётган фармон ва қарорлар, соҳаларда ташаббуси кўтарилаётган масалалар одамни шошириб, журналистни фикр билдиришга чорлайди.

1212

Бугуннинг одами кимнидир қоралаб, ўзини ёки аллакимнидир оқлашга уринишлиги эскилик сарқити. Кеча ва бугунни манфаати йўлида солиштирмоқ, ўтмишига тупириб, айни дамга ялтоқланиш ҳам чин инсоннинг, мўмин банданинг иши эмас. Патинкабўёқ кўтариб кимнингдир ортидан югурган одам унинг оёқ кийимини тозалаб юрсада, вақти келса қора бўёқни валенеъмати юзига суришдан ҳам тап тортмаслигни бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.  Дарҳақиқат, биздан “Ким айбдор деб эмас, нима қилмоқ керак?” деб ишлаш талаб этилмоқда. Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган ташаббуслар қадр топадиган пайт бугун. Ана шу нуқтаи назарда: эътибордан четда қолиб кетаётган мухим масалалардан бири аҳолини иш билан таъминлаш муаммосига ҳукумат томонидан алоҳида эътибор берилишини сўраган бўлардим.

Бир нарсани айтиш керакки, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳар қанча ривож топмасин фаолиятларда давлатнинг хиссасига муҳтожлигимиз сезилмоқда. Истеъмолчилар талабининг ўсиб бориши, импорт сабаб миллий валютанинг қадрсизланиб бораётгани шуни тақазо этмоқдаки, озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган катта-катта заводлар, енгил саноат фабрикалари, ёқилғи энергетикасини қайта ишлаш обектлари, тоғ-металлургия контейнерлари қурилишига, уларда миллионлаб ишсиз аҳолимиз ўз қобилиятига қараб меҳнат билан таъминланишига ўта чанқоқмиз. Кичик бизнес вакилларининг ҳаракатлари эвазига ҳар йили атига бир неча минг бўш ўрин яратилаётгани, яқин келажакда қурилиб, фаолияти кутилаётган саноқли иқтисодий обектларда иш ўринлари яратилишини истисно этган ҳолда ҳукумат томонидан аҳолини иш билан таъминлаш масаласи бутунлай назардан четда қолмоқда.

Иқтисодий тараққиёт шаклига интилганларимиз: асосан кичик корхоналар ва хусусий тадбиркорлик ҳисобига тез ривожланиб кетган Хитой ва Жанубий Кореядан фақатгина тегишли андоза олишимиз мумкин холос. Лекин улардек бўлолмаймиз!.. Чунки улар каби керак бўлса 16 соатлаб ишлаб, ялпи асосий мақсадга интилиш ўрнига фақат ўзим бўлай дейиш, керак бўлса қўшнимизнинг цехига ўт қўйиб бўлса ҳам, монополияга интилиш руҳи бизда кучлироқ!

Халқнинг ижтимоий ҳимояси эса аввало иш ўрни яратиб бериш дегани. Фуқаролар розилиги ҳам том маънода шунда акс этади. Чет давлатларда юрган кўпчилик ватандошларимизнинг ҳам ўз лаёқати, моддий эҳтижларига мос иш ўрни тополмагани учун мусофирлик чориғини кийгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

14533295951100149087

Бугун бизда ишлаганига яраша фақат мардикор ҳақ олади. Аксарият давлат идоралари ходимлари айниқса маъмурий буйруқбоз раҳбарлар вақт ўтказиб “ойликка етиб олиш”, мавриди бўлса порабоп “левак” пайида. Эртадан кечгача меҳнат қилиб, хизматига яраша ойлик ололмаётган ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари сингани фидойи касб эгалари эса ортиқча мажлисбозлик, буйруқбозликлар соясида ишга хафсала билан муносабатда бўлишдан чарчаган. Шу маънода муаммолар газак олмаслиги учун “Давлат мулкини талон тарож қилиш”, “Коррупция ва уюшган жиноятчилик”ка оид қонунлар ижросини янада қаттиқ назоратга этиш, ходимлар томонидан “Меҳнат қонунчилиги”даги бандларга қай даражада тўғри риоя қилинаётгани иш берувчи кўзи билан ҳар бир соҳада кузатувга олиниши нақадар шарт ва зарур. Давлат ғазнасидан ойлик олаётган барча мулозимларнинг меҳнат интизомини замонавий турникет воситалари ва индивидуал мониторинг билан назоратга олиш, ижтимоий соҳа ҳодимларининг ойлик маошларини сезиларли даражада кўтариш масаласини жиддий кўриб чиқиш керак.

Узоқни қўятурайлик, ўтган йигирма беш йил ичида Олий таълим тизими нечта диплом берди? Миллионлаб зиёли қатламнинг бугун қанчаси ўз йўналишида ишлаяпти?! Умуман меҳнат дафтарчаси ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган қанча фуқаромиз бор?! Ишсизлик нафақасини олмай туриб улар қандай кун кўряпти?!

Водий томонга йўлингиз тушса, эрта тонгда тўп-тўп бўлиб шаҳар маркази томон келаётган велопойгаларни кузатасиз. Ҳам соғлиқ ҳам чўнтак учун фойдали транспорт воситасида ўнлаб чақиримга одамлар ўртача беш юз минг сўм ойлик учун ёғ-мой комбинатлари, резина ишлаб чиқариш цехлари, қурилиш обектларига оғир меҳнат қилиш учун ҳар куни келиб кетади. Доимий ойлик оладиган бу бахтли табақа вакилларига хавас қилиб, уларнинг ўрнида бўлиш учун молини сотиб беришга тайёр одамлар сони эса улардан ҳам кўп.

Ҳашаматли иншоотлар, аҳоли учун янги уй жойларнинг барпо этилиши албатта фуқароларимизни фаровонлик сари йўналтириш учун қадамлар. Аммо давлатнинг асосий  заҳираси дастлаб айнан ҳажман катта завод-фабрикалар қурилишига қаратилиши провард масаладир. Шундагина ўз-ўзидан ички бозоримиз ҳам фақат ўзимиз ишлаб чиқарган товар моддий бойликлари билан тўлади. Бунинг иқтисодиёт равнақи учун яна бир муҳим жиҳати борки, импорт сабаб йирик фойда устида ўтирган монополистларга фақатгина ҳукумат бас келиши мумкин. Бу ўринда давлат улуши паст бўлган акциядорлик компанияси шаклидаги тузилмалар негизига йирик тадбиркорларимизни қамраб олиш керак. Ана ўшанда янги иш ўринлари сабаб меҳнатига яраша ҳақ олган, иш билан банд аҳоли керак бўлса ўзи учун ўзи уй қуриб олади! Шарт эмас унга бир сўмлик том учун уч сўм тўлаб бериш шартини бола чақасию ҳали туғилмаган авлодлари билан бўйнига олиб, яна айнан ўша янги уйни қайтадан таъмирлаш учун эллик тийин сарфлаш.

156467806

Соҳибқирон Амир Темур даврида савдо-иқтисодиётнинг юқорт даражада гуллаб яшнагани ҳақида кўп эшитганмиз. Манбааларда келтирилишича, бунинг асосий сири шунда эдики, керак бўлса саркарда бобомизнинг шахсан ўзлари карвон йўллари осойишталигини қароқчилар талофотидан омонда сақлаш учун қўлларидан қилични туширмаган эканлар. Бугунги глобаллашув замонида ҳам ҳукумат нафақат ислоҳотчилик позициясида балки иқтисодиётни ортга сурувчи кучларга қарши ўз иштироки, керак бўлса қиличи билан иқтисодиётда  адл туриб бера олиши керак.

Балки давлат улушининг корхоналарда иштироки ҳақида фикрларим нималарнидир эслатар, балки иқтисодиётга доир бугунги сиёсатимизга тўғри келмас, аммо биз тан олганимиз, менинг тан олганим: иқтисоднинг сиёсатдан устунлиги…

Дарҳақиқат хоҳ иқтисод, хоҳ сиёсат бўлсин айтиладиган гап барибир айтилгани яхши. Сиёсатнинг сирли соясида мудраб ётган обсурдлик – Гулнора Каримова билан боғлиқ жиноят иши тафсилотларининг  Бош прокуратура томонидан очиқланиши ҳам демократия эпкинида атрофни чақмоқдек ёритиб ўтди. Ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзуси ҳам шу бўлиб қолди. Ҳамма ўша “бечора”га тош отган, ўз даврида “у билан бир пиёла чой устида ўтирган бечора”ларни ҳам балчиққа тортган ва ҳоказо. Оқни сутдан ҳам оқу нондан покиза, қорани тундан қораю ботқоқдан ифлос дейишга жуда устамиз-да! Хўп, халқнинг гуручини шу аёл ўғирлабди. Халқ шу “гуручхўр”да кетган бойлик жойида турганида мастава ичиш ўрнига ош ейиши мумкинлиги ҳақида фикр юритяпти. Шу халқнинг бир бўлаги сифатида мен ҳам бугун истеъмолдаги бир дона оқ ноним ўрнига керак бўлса тандири билан ёғли патир танаввули ёки гўштни ҳафтада граммлаб сотиб олиш эмас, ҳар куни қозонкабоб ейишга ҳақли эканлигим ҳақида ўйлаб қоламан?! Хўп, у бир аёл экан, маликалигидан фойдаланибди. Ундан бошқа кўзга ташланмай юрган ўғрилар қанча, кирдирорлари сабаб аслида олий жазога муносибу керак бўлса ҳалоллик ва адолатдан ваъз ўқиётган “нонхўр”у “гўштхўр”ларни яна қанча топса бўлади жамиятда?! Хўп, халқнинг миллиардлари Гулида кетгани фош бўлди. Хоним ўз мавқе иқтидори даврида қулочини кенг ёзиб, улгирганича “кўтарибди”. У айбдор, у жиноятчи. Юқори қонун органи ҳам буни тасдиқлаб турибди. Хўш, давлатнинг ундан бошқа зулуклари йўқмиди ёки ҳозир йўқми?! Виждонтанимас яна қанча амал эгалари бор ва уларнинг кирдирорлари қачон фош бўлади?! Паразитларга қарши ялпи вакцина борми? Гулнора билан боғлиқ воқеалар айблов хулоса сифатида ошкор этилгач, идрок эгаларини масаланинг мана шу томонлари ўйлантириб қўяди.

“Прокурорлар – энг катта ўғрилар”, дея гапнинг индаллосини айтиб қўяқолди ўз маърузасида давлат раҳбари куйинганидан. Синчиклаб ўрганилса нафақат суд ҳуқуқ балки бошқа соҳаларда ҳам қоғозбозлик, ўз низомига кўра эмас юқори сиёсий раҳбарларнинг қош-қовоғига қараб ишлаш кайфияти, мамлакат манфаатини бир четга суриб, фақат ўз тинчлигини ўйлаб яшаш дарҳақиқат жаҳолат даражасига етиб келган.

Давлат раҳбарининг энг юқори органларга нисбат беришда ҳам адолатни қурол қила олгани Менга бир иборани эслатиб юборди: “Арасту, Сен менинг дўстимсан, аммо ҳақиқат мен учун қадирлироқ”!

Ватандаги эврилишларни кузатамиз.

Алишер АБДУМАЛИКХОН, мустақил журналист.

Photo’s:________________________________________________By internet

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter