ЖУРНАЛИСТГА АЛАМ ҚИЛАДИ : “Ўзбекистонда интернет журналистикасининг аҳволи қандай?” мақоласини ўқиб…

Куни кеча, ЎзА сайтида  “QALAMPIR.UZ” интернет-нашри раҳбарининг айнан шу сарлавҳадаги мақоласи чоп этилди. Мақолада интернет нашрларини ўйлашга ундайдиган бир нечта масалалар кўтарилган.
Хусусан, муаллиф  Ўзбекистондаги интернет-нашрларда учраётган журналистик этикага зид бўлган асосий ҳолатларга тўхталиб, уларни таҳлил қилади:
«Биринчидан, журналистларнинг бир ахборот манбасига таяниб хулоса чиқариши, ахборот манбасини, хабарда келтирилган факт ва маълумотларни текширмай уни ўз нашрида эълон қилиши кузатилмоқда.
Бунга мисол тариқасида “KUN.UZ” нашрида узатилган хабарни келтириш мумкин. Нашр 22 ноябрь куни соат 17:35 да “Таниқли актёр ва режиссёр Шуҳрат Нуралиев вафот этди” номли хабарни чоп этди. Ахборот яшин тезлигида маҳаллий ҳамда хорижий ОАВларга тарқалди. “QALAMPIR.UZ”да чоп этилган “Шуҳрат Нуралиев тирик, у шифохонанинг жонлантириш бўлимида” номли мақоладаги кескин танқиддан сўнг, шу куни соат 18:43 да “KUN.UZ”да “Тузатиш. Шуҳрат Нуралиев ҳаёт, лекин чуқур кома ҳолатида” номли мақола чоп этилди. Бироқ бир соатдан ошиқ вақт давомида Шуҳрат Нуралиевнинг вафот этгани ҳақидаги ёлғон хабар бутун республикага тарқаб улгурган эди«, дея ёзади ўз таҳлилида муаллиф.
Бундан ташқари  Қамариддин Шайхов айрим интернет-нашрлар ва уларда фаолият юритаётган таржимонлар, “копирайтер”ларнинг муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмаслиги, уларнинг фаолиятдан шахсий мақсадда фойдаланиш, сохта обрў орттиришга мойиллиги,  қонунларда ёзилмаган миллий ва умуминсоний қадриятлар, урф-одатларга беписанд қараш ҳолатлари, тил ва имло қоидалари қўпол ва мунтазам бузилаётганига алоҳида эътибор қаратади.
Муаммони таҳлил қилар экан, муаллиф ўз мақоласи сўнгида  журналистика факультетларини тугатган, аммо иш билан таъминланмаган кадрлар учун алоҳида алоқа маркази ёки портал ташкил этиш, мавжуд ОАВга доир миллий қонунчиликка интернет ОАВга дахлдор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш каби бир нечта ўз таклифларини бериб ўтади.

Мақола сўнгида «Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги»нинг «Юқоридаги фикрларга веб-сайт нашрларининг муносабати қандай?» дея берган қолдирган саволи «ИДРОК»ни фикр билдиришга чорлади.

Саноқли сайтлардан ташқари Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган аксарият интернет нашрлар сайт шаклидаги блог-коперайтерларга айланиб қолган. Масалан, бир кун ичида Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган ўн бешта воқейлик бир нечта нашрларнинг меҳнати билан виртуалда юз очса, қолган ўнлаб бошқа сайтларда ҳам айнан шу хабарлар “айланмоқда”. Ҳатто ҳозир ана шу кўчириб босиш ишларини ҳам сайт дастурининг ўзига автоматлаштириш юртимизга кириб келганига анча бўлди. Бир мутахассис танишим яхшигина хизмат ҳақи эвазига менга ҳам шундай дастурни таклиф қилганди. Бир неча кун меҳнат қилиб, изланиб ёзган мақолангиз сайтингизга қўйишингиз биланоқ компютер дастурчиларининг яратган “бебаҳо ғоя”лари орқали автоматик тарзда қайсидир бошқа сайтда намоён бўлса, журналистга алам қилади-да…

Бир неча йил аввал Америкининг йирик ахборот агантликларидан бири сайтига кирган киберхужумчи унинг номидан Оқ уйда портлаш юз бергани ва Президент ярадор бўлгани ҳақида ахборот тарқатади. Атига 16 секунд, эътибор беринг 16 сония ичида агентлик буни пайқаб, хабарни сайтдан олиб ташлайди. Аммо кўз очиб юмгунча бўлган вақтда бу ахборот “тезкор дастур”ларга эга бошқа кўплаб сайтлар орқали тарқалиб кетишга улгуради. Яъни, аҳмоқнинг аҳмоқлигини “ақлли дастур” қаёқдан ҳам билсин?! Ахборотга чанқоқ, виртуалдаги ёлғонлар сабаб онги чалкашиб, тобора дунёга ишончсизлик билан қараётган бошқаларда нима айб?! Чинакам журналистга бу ҳам алам қилади. Масаланинг ана шу техник жиҳатларини ҳам қонуний ечимга солиш кўтарилаётган муаммога яхшигина барҳам бўла олади.

Нима қилиб бўлса ҳам ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириш ва даромад ишлаш пайида бўлаётганлар аслида журналистлар эмас, компютер дастурларининг “етук мутахассислари”дир. Улар хабар қандай ёзилишию, мақола қайси меҳнат эвазига бунёдга келишини билмасалар ҳам ташриф буюрувчиларни кўпайтириш орқали реклама жалб этиш, виртуалда пул ишлаш услубларини яхши ўзлаштирган.

Нима ҳам дердик, энг нафис туйғулар нуқтаси кесишган санъат ва маданият соҳаларида плагиат тўлиб ётган бугунги кунда “нуқсони кўримсиз” интернет кўчирмачиларини кузатиб, шунчаки журналистга алам қилади холос.

Айтмоқчи бўлганим шу эдики, қалами, мухими ўз шахсий позицияси бор журналист Қамариддин Шайховнинг “Ўзбекистонда интернет журналистикасининг аҳволи қандай?” номли мақоласини ўқиб, унинг мавзу кўламидаги барча фикрларига қўшилган ҳолда саволини атрофлича олиб, “Ўзбекистонда ўзи журналистика борми?” деган сарлавҳада юртимиз қаламкашларини кенгроқ  баҳс-мунозарага чорлашини истаган бўлардик.

Юзлаб ташкилотларига ихтиёрий(?)-мажбурий обуна қилинаётган минглаб нусхадаги ўқилмаётган газеталар ва уларнинг уволи, “саҳифа тўлди-кун ўтди”га ишлаётган матбуотчилар, ўз тинчини, фақат эртага нафақага чиқиб олишини ўйлайдиган, йўқ цензурага ёстиқ қилиб ёнбошлаган Бош муҳаррирлардан кўра журналистни алам қилдирган интернет нашрларидаги ўша виждонсиз кўчирмачилар ҳам яхшироқ. 

                      Алишер АБДУМАЛИКХОН,

 Mustaqil elektron OAV «IDROK.UZ» мухбири.

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter