«Аввало, қуруқ расмий гаплардан қочиш,
танқидий таҳлил, креатив ёндашув, бугунги ҳаётни бутун кўлами, мазмуни, керак бўлса,
мураккаблиги билан ёритишда журналистларимиз фаоллик кўрсатиши керак.
Ўткир ва долзарб муаммоларни сизлар айтмасангиз, барибир халқнинг ўзи айтади».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
“Тозасини қидириб тозисига учрабди”, деган доно мақол бор халқимизда. “Камолот”дан кўнглимиз тўлмади, уларнинг қилган ишлари кўринмасди, “Ёшлар иттифоқи”нинг қўл ураётганлари эса жамоатчилик онгида манфий зарраларни учқунлантирмоқда. “Камолот” ҳеч нарса қилмасди, Ватан ишонч билдирган “Ёшлар иттифоқи”нинг баъзи кеккайган вакиллари томонидан амалга ошираётган “улуғвор” ҳаракатларда эса ватанпарварликдан нишона йўқ. Аксинча, “Ёшлар иттифоқи” ташкилот белгиси учун танлов эълон қилиб, натижаларга бир оғиз ҳам тўҳталмай, тиш паста рекламасини эслатувчи логотипни ўзи учун тасдиқлаган кунданоқ бошланган нохолислик турли кўринишларда бугунга қадар давом этиб, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Ёшлар иттифоқнинг жуда ҳам умумий ва баландпарвоз жумлалардан тузилган Низомига назар соламиз: “Жисмоний шахслар томонидан иттифоқ ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган, Ўзбекистон ёшларини бирлаштирувчи нодавлат-нотижорат ташкилотдир”.
Савол туғилади: ростдан ҳам ташкилотнинг таркибий тузилмаси жисмоний шахслар томонидан, уларнинг ташаббуси билан ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилганми ёки Президентнинг фармонини қандай кўринишда бўлмасин тезда, хўжакўрсинга бажариш учун ташкил этилдими?!
Фармон дарҳол эмас, дардҳол амалга оширилиши – бекамикўст ва ўз муносиблари билан, энг аввало мақсадни олий билиб бажарилиши керак эмасми?!
Кутилган натижага эришиш учун аввало, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” таркибий тузилмасини тубдан ислоҳ этиб, янгилаб чиқиш зарур. Бунинг учун ОАВ ҳамда интернет воситаларидан унумли фойдаланиб, аввало мамлакатимиз бурчакларидаги ўз соҳасининг истеъдодларини бир нуқтага йиғиб олиш керак. Аниқки, чекка-чекка вилоятларда қўллаб -қувватланишга муҳтож, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда “истеъдодини ўтин ёришга сарифлаётган” онгу тафаккури кучли ёшларимиз талайгина. Ана ўшаларни халқ кўз ўнгида танлов ўтказиш йўли билан “Ёшлар иттифоқи” йўналишлари раҳбарлигига тайинлаш керак. Биз ҳозир тасаввур эта олмаётганимиз, жуда катта кучга айланиши мумкин бўлган “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи”га “Фаол ёшлар учун текинга тарқатилган концерт чипталарини сотувга чиқарадиган” олибсотар, “Иттифоқ номидан тақдим этилган мукофотни зарда билан “садақа” қиладиган” корчалон, “Талабаларга икки гапининг бирида қонунни дастак қилиб ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қиладиган” калондимоғ, дадасининг эркатойларини эмас, халқдан чиққан, онги тиниқ, мухими – виждони меҳнатда тобланган ёшларни қўйиш керак. Майли бу ишлар кўп муддат талаб қилсин. Майли, чинакам “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи”ни шакиллантириб олишга “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида беш йил муддатда эришайлик. Аммо, мақсад палласида маррани аниқ олайлик. Муддатга ёки сонга эмас, сифатга, халқ ва ёшлар ишончига ишлаш керак!
Шу ўринда иттифоқ таркибий тузилмаси шаклига “IDROK.UZ” бир таклифини бериб ўтмоқчи: яъни штат бирлигини ҳукумат штат бирлиги каби ташкил этиш керак, масалан: “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси” эмас, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Президенти” сифатида ўзгартириш киритган ҳолда.
Кўзда тутилган ўзгариштиришларни самарали амалга ошириш учун “Ёшлар иттифоқи” энг аввало оммавий ахборот воситалари билан комплекс алоқа ўрнатиши, уларга таяниши ва “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”нинг “Бош вазири” ҳам айнан ижодкор ва тасаввури бой раҳбар бўлиш шарт!
Иттифоқнинг таркибий тузилмасини ҳукумат штат бирлигига қиёсан ташкил этиш унинг таъсир даражасини ошириб, айнан келажак мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлишини таъминлайди. Ахир бот-бот такрорлаганимиз – мамлакатнинг эртанги куни – эртанги Президент, эртанги вазирлари айнан шу ёшлар-ку!
Бир томондан ёшларимизни кўпроқ сиёсат соҳасига қизиқтириш ҳар томонлама етук раҳбар кадрлар етишмаётган бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бизга ўйин-кулгу ишқибозларидан фарқли, жиддий, ўйчан, мулоҳазали келажак авлод керак. Нега аксар ёшларимизни сиёсат эмас, кўпроқ санъат қизиқтиради?! Ўзи яшаб турган туман ҳокими кимлигини биладими ёшлар? Партиялар фаолиятига аралашадими? Директор ҳал қилиб бермаган мактабидаги бирор муаммо юзасидан ҳоким қабулига киришга бирор ўқувчи уриниб кўрганми?! Ана шу маъноларда, “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи”га партиялар қаторида сайловларда ўрин бериш, ёшларни сиёсатга қизиқтириш, эртанинг эгалари улар эканлигини амалда ҳам хис эттириш керак.
Мактаб ўқувчилари ўртасида, “Мен Президент бўлсам”, “Мен вазир бўлсам” каби юксак мақсадларга ундовчи совринли иншолар танловларини ўтказиш, ўқишга лаёқати йўқ, қизиққон болаларни турли жанг санъатларига, спортга йўналтириш керак! Компютер ўйинларига муккасидан кетган болалардан етук дастурчилар чиқиши мумкин. Уларни “Ўзинг ҳам шундай ўйинлар яратишга уриниб кўр”, дея қизиқтириб, соҳа устозлари қўлига топшириш керак! Энди ёшларни юз йил аввалгидек калтак билан, турли мажлисбозлик билан тарбиялаб бўлмай қолди. Уларни бўғиш эмас, уларга қизиқиши доирасида руҳ бериш керак! Ҳамма болада ҳам қандайдир истеъдол яширинган бўлади. Ташкилотнинг вазифаси ўш истеъдодни топиб, йўналтира билишида.
Талабалараро “Ёш иқтисодчилар”, “Милионерлар” каби клублар тузиб, баҳсларда туғилган ёрқин ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш, “Европа ёшлари бўш вақтини қандай ўтказаяпти, уларни қандай муаммолар қийнамоқда” деган саволларни ўртага ташлаб, “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи”нинг “Ташқи ишлар вазири” билан турли мамлакат ёшлари аро ҳамкорликни йўлга қўйиш, алоқалар ўрнатиш, дунё ёшлари фан ва техника ютуқлари ҳақида фикр алмашишга бағишланган сафарлар уюштириш керак! Дўппи кийган йигит ва қизларимизни “Давлат ичидаги давлат раҳбарлари” сифатида иттифоқ фаоллари аэропортда кутиб олса, Ўзбекистон ёшларига бу қандай руҳ беради?!
Нега баъзи ёшлар ўз муаммолари ҳақида маҳаллий ОАВга ёки иттифоққа эмас, “Озодлик”ка ёзади, нега улар чет элда ишлашга интилаверади, нега уларнинг айримлари ИШИДга қўшилиб кетаяпти, ёшлар орасидаги ишсизлик, жиноятчилик рақамларда эмас амалда қачон кескин камаяда, ёшларнинг танқиди, мустақил фикри, қачонгача ижтимоий тармоқларда қолиб кетаверади? Нега уйғоқ қатлам аниқ далил билан берган саволлар, масалалар иттифоқ томонидан доим очиқ қолади? Нега ва қачон каби бу саволларнинг ечимини давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ ажратилиб, керагидан ортиқ имкон берилсада, вазифасини етарлича англамаётган, хўжакўрсинга ишлаётган ташкилот “Ёшлар иттифоқи” қачон қидириб топаркин?..
Истардикки, ёшларни футболда нега жаҳон чемпионатга чиқа олмаётганимиз эмас, вилоят ҳокими нега ўз вазифасини суистеъмол қилгани, сериал воқеаларининг қандай кечиши эмас, синфдошининг нега эрта ҳомиладор бўлиб қолгани, интернет учун мегабайти тугаб қолгани эмас, дадаси бугун нега яна ичиб келгани – мамлакатнинг, миллатнинг эртанги тақдири кўпроқ ташвишлантирсин.
Республикамиз аҳосининг сони ўттиз уч миллионга етди. Муқаддас китобларимизда ёзилишича, жаннат аҳллари ҳам айнан ўттиз уч ёшдаги ҳолатида юз очар экан. Мақсадимиз: Мустақил диёримиз буюк келажак сари одимлаётган бугунги фарахбахш кунларда иттифоқ ана шу гўзал миллионлик халқимизни, ёшларимизни нурли келажак, Ватандаги жаннат кунлар сари эргаштира олсин!
Alisher ABDUMALIKXON,
Mustaqil elektron OAV
«IDROK.UZ» jurnalisti.