… Занжирбанд кишандан қутилган йўрға,
ям-яшил адирга етди ниҳоят.
Олис сўқмоқларда кўзланган манзил:
Буюк келажакдан сўйларди оят…
Асрлар кутгани – елмоқ пайтида
тулпор гоҳи кишнар, гоҳи ётарди.
Йиринги битмаган туёқларини
кўринмас кишанлар ерга тортарди.
Текинхўр чивинлар қон сўриб обдон
терисин каналар ўқдек тиларди,
Озод ҳаволарга маҳлиё тулпор
япроқлар шитирин қарсак биларди.
Фасллар алмашиб сезди жонивор,
давомига бундай кетиб бўлмайди.
Кўҳи-қофга ҳатто учмоқ қийинмас,
паразитлар билан етиб бўлмайди.
Бойчибор авлоди чақмоқни тутиб
камон қилди уни ёлида эгиб.
Қумурсқалар ёниб тўкилар эди
туёқдан чақнаган учқунлар тегиб.
Эй Ватан – Тулпорим энди тўҳтама,
Нурли манзил учун ўзинг ҳам нурлан
ҳашоротлар қолсин туёқ остида.
Мен ҳам шу йўлингда учқун бўлолсам…
Муқаррар келади ҳали ўша кун
бунга тақво керак, зикрлар керак.
Ватан буюк ватан бўлмоғи учун
олов сўзу уйғоқ фикрлар керак.
__________________________________________________________________IDROK.UZ