google-site-verification=Sfc5fgCylBWBT4bCn0bIGXyn069rrYYRjsKrCWp3uPI
O'tkazib yubormang

ЖАҲОН АНДОЗАЛАРИГА БЎЙЛАШИБ

Электротехника саноати истиқлол йилларида қандай тараққий этди? Соҳа ривожи халқимиз турмушини фаровонлаштиришда қандай ўрин тутади?  Келинг, бу саволлар жавобини халқимиз кечаги ва бугунги турмуш тарзини солиштириш, қолаверса, электротехника соҳаси ривожи мисолида кўриб чиқамиз.

— Кеча бутун бир қишлоқ ёки маҳалла аҳли телевизор кўриш учун кечқурун телевизори бор хонадонга йиғилар эди. Мустақиллик йилларида аҳолининг телевизор билан, айниқса, мутлақо янги авлод телевизорлари билан таъминланиши 1,6 баробар ортди. Бугун ҳар бир хонадонда бир ёки бир неча телевизор бор.

— Кеча телевидениенинг ватани Тошкент деб кўкрак керардигу, бироқ эскирган технологиялар ёрдамида дунёни фақат оқ-қора рангда хира кўрар эдик. Бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган «зангори экран»лардаги тасвирлар орзуларимиз ва мақсадларимиз каби рангли, тиниқ ва ойдиндир.

— Ўтган асрда кўплаб аҳоли гўшт ва сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотларни сақлашга қийналар, гўштни банкага солиб қудуқларда ёки қовуриб, ўрни келса офтобда қуритиб сақлар эди. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати пасайишига олиб келар эди. Тадқиқотларга қараганда, бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоизи холодильникларга эга. Демакки, нонимиз ширин, ризқимиз бутун.

— Ўтган асрда аёллар ўчоқда ғўзапоя ёқиб овқат пиширган, қора қумғонда чой қайнатган бўлса, бугун хонадонларнинг 84 фоизида турли ошхона электр жиҳозларидан фойдаланилади. Бу аёлларнинг қўл  меҳнати енгиллашганини кўрсатади.

— Ўтган асрда пахта даласидан қайтган аёл уй ишларига аранг улгурган бўлса, бугун ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган тадбиркор ёки фермер аёлнинг уй ишларини кир ювиш машиналари, чангютгич, микротўлқинли печ каби маиший техникалар осонлаштирмоқда. Оилаларнинг 63 фоизи бу каби маиший техникага эгалиги фикримизни исботлайди.

— Олдин «Самара», «Снежинка», «Весна» каби русумли маиший техниканинг асосий қисми собиқ тузум марказий шаҳарлари ёки бошқа ҳудудларидан келтирилар эди, бугун эса барча турдаги электротехника маҳсулотлари ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти.

— Кеча компьютер нималигини билмасдик. Бугун у фаолиятимизнинг асосий негизига айланди.

— Шунингдек, бугун оилаларнинг учдан бир қисми кондиционерлардан фойдаланмоқда.

— Кеча қишлоқ жойлар аҳолиси телефонда гаплашиш учун бир неча чақирим йўл босиб марказий телеграфларга келар, халқаро қўнғироқлар у ёқда турсин, шаҳарлараро боғланишда муаммоларга дуч келинар эди. Бугун эса ҳар биримизнинг қўлимизда мобил алоқа воситаси.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Гапни қайси ўриндан бошламайлик, бир нарсанинг гувоҳи бўламиз, иқтисодиётимизнинг муҳим йўналиши бўлмиш электротехника соҳаси изчил тараққий этмоқда, мустақил юртимизда оилаларнинг фаровонлиги юксалиб бормоқда.

 photo: pickmycoaching.com    

Дарҳақиқат, мамлакат иқтисодиётида электротехника саноатининг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда каттадир. Боиси замонавий технологиялар энг олий қадрият бўлмиш инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Соҳадаги бугунги улкан ютуқлар, албатта, ўз-ўзидан қўлга киритилмаган, бошқача айтганда, «осмондан тушган» эмас. Йўқдан бор қилиш учун катта ривожланиш йўли босиб ўтилди. Истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ асосий эътибор мазкур саноат тармоғини бозор ислоҳотлариннг шартлари ва талаблари асосида изчил ва босқичма-босқич ривожлантиришга қаратилди. Илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда радиоэлектроника, электротехника ва асбобсозлик саноатини барқарор ривожлантиришнинг истиқболли стратегияси белгиланди. Таркибида кабель ва сим ўтказгичлари, техник ишлаб чиқариш ускуналари, маиший электротехника буюмларини тайёрловчи ҳамда техник хизмат кўрсатувчи корхоналарни бирлаштирган «Ўзэлтехсаноат» АК томонидан маркетинг тадқиқотлари ташкил этилди, ички ва ташқи бозордаги рақобатбардош бўлган маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Соҳага катта миқёсли инвестициялар киритилди. Корхоналарга ресурс ва энергия тежовчи технологиялар жорий этилди, ишлаб чиқаришнинг асосий қисми маҳаллийлаштирилди. Энг муҳими, ишлаб чиқаришда асосий куч бўлган кадрлар тайёрлаш масаласига, уларнинг малакасини муттасил оширишга катта эътибор қаратилди.

— Президентимизнинг 2017 йил 13 февралдаги “2017-2021 йилларда электротехника саноатини диверсификация қилиш ва жадал ривожлантириш, бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори тармоқ истиқболида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди АКнинг бошқарув раиси в.в.б. А.Абдуллаев. — Қарор ижроси билан тармоқ корхоналарини диверсификация қилиш, модернизациялаш ва техник-технологик янгилаш ҳисобига ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Изчил ислоҳотлар туфайли тизимда хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда кабель-сим, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган янги корхоналар ташкил этилди. Корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш мақсадида замон талабларига мос технологик қурилмалар ва линиялар ўрнатилган. Жумладан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 400 кв кучланишгача бўлган “тўқилган полиэтилен изоляцияли кабел”ларни ишлаб чиқарувчи замон талабларига жавоб берадиган Марказий Осиёдаги ягона корхона барпо этилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2017 йилда электротехника соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилга нисбатан 3,3 бараварга ўсган. Мазкур юқори ўсиш суратларига ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш орқали эришилган. Кабель ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ишлаб чиқаришда асосан мис, алюминий, полиэтилен, пўлатдан ва бошқа шу каби хомашёлардан фойдаланадилар. Улар 2 мингдан ошиқ турдаги кабель-сим маҳсулотлари, мис шиналар ва маиший техникалар учун мис трубкалар ишлаб чиқарадилар. 2017 йил якунига кўра, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи экспортга йўналтирилади.

Кўриниб турибдики, 70га яқин тармоқ корхоналарини модернизациялаш ва техник-технологик янгилаш ҳисобига ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бугунда компания таркибидаги корхоналарнинг деярли ярмида маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Авваллари маҳсулотлар импорт қилинган бўлса, ҳозирда уларнинг асосий қисми Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Натижада музлаткич ва совуткич, кир ювиш машинаси, мобил телефон, чангюткич, газ плитаси, кондиционер ва телевизор ишлаб чиқариш бўйича режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилаётгани қувонарли.   Миллий маҳсулотларимиз халқаро бозорда ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда. Экспорт қилувчи корхоналар маҳсулотларини шартнома асосида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга жўнатмоқда. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг маҳсулотлари Украина, Озарбайжон, Латвия, Грузия ва Арманистон каби янги бозорларга ҳам чиқарилди.

Компания таркибига кирувчи корхоналарга дунёга машҳур компания брендлари ва уларнинг замонавий технологиялари жалб этилмоқда. Бунинг натижасида эса энергия сарфи, экологияга таъсир этувчи чиқиндилар йилдан йилга камайиб бормоқда. Корхоналарда халқаро сифат бошқарув тизими мувофиқлик сертификатлари жорий этилмоқда. Энг асосийси, ишлаб чиқариш корхоналарида янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.

«Ўзэлтехсаноат» АК жўғрофияси ниҳоятда кенгайиб, ҳозирги кунда у қарийб 70та корхонани ўзида бирлаштириб турибди. Электроника илмий ишлаб чиқариш маркази, «Чирчиқ трансфарматор заводи» ОАЖ, «Сино» ОАЖ, «Фотон» ОАЖ, «Uzkor Lighting» ҚК, «Ўзкабель» ҚК, «Ўзэлектроаппарат — Электрощит» ОАЖ ҚК, «Самарқанд лифтсозлик заводи» ОАЖ ҚК, «Алгоритм» ОАЖ, «Zenith Electronics» ОАЖ ҚК кабилар шулар жумласидандир. Масалан, электротехника соҳасида ўз ўрнига эга бўлган «Артел» савдо белгиси остида фаолият юритаётган корхоналарда вентилятор, гўшт қиймалагич ва янги турдаги ёритгич лампалари  ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, у ерда эски турдаги маҳсулотларни модернизациялаш юзасидан ҳам қизғин фаолият олиб борилаётир.

— 2018-2021 йилларда ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурлари доирасида компания томонидан, маҳаллий тадбиркорларни жалб қилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бир қатор янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган, — дейди «Ўзэлтехсаноат» АК матбуот хизмати раҳбари Намоз Толипов. — Хозирги кунда электротехника мамлакатимизда умумий қиймати 731,2 млрд. сўмлик 43 та янги лойиҳа амалга ошириш йўли билан 1 547 янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Жумладан, мамлакат ички бозорини юқори сифатли электроника ва электротехника маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ҳисобига импорт ҳажмини қисқартириш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий, энергия тежамкор, автоматлаштирилган технологияларни татбиқ этиш, шу билан бирга, дунёнинг етакчи компанияларини соҳага ҳамкорликка жалб этиш белгиланган. Айни кунгача «Samsung», «Panda», «Midea», «TSL» ва «Shivaki» каби дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлган компаниялар билан ҳамкорлик бўйича шартномалар имзоланди. Соҳа ривожи ва халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланиши ўз мутахассислиги билан бирга хорижий тилларни пухта билувчи кадрларни шакллантиришни тақозо этади. Қувонарлиси, юртимизда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётган бўлиб, ёш кадрлар тармоқнинг ишонган кучи ҳисобланади. Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан талабаларнинг амалиётлари АК таркибидаги корхоналарда ташкил этиш, таълим жараёнини ишлаб чиқариш масалалари билан боғлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган. Бундан ташқари, ходимларимиз Жанубий Корея, Германия, Хитой каби чет мамлакатларда тажриба ошириб қайтишмоқда.

Истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар залворли. Истиқболдаги режалар эса янада улкандир. Шу ўринда 2018—2021 йилларга мўлжалланган лойиҳалар тўғрисида тўхталиб ўтиш ўринли. Биргина Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида компания томонидан худудий ташаббускорлар билан умумий қиймати 124,6 млрд. сўм бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Телевизор, электр шкаф, электр сув иситкичлар, иситиш қозонлари ва металл радиаторлар, ярим автомат кир ювиш машиналари ва чангюткичлар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 300 та янги иш ўринлари ташкил этилади.

Самарқанд вилоятида эса умумий қиймати 32,1 млрд. сўм бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар кондиционер, газ плиталар, электропечлар ва ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш, натижада 305 та янги иш ўрни ташкил этишга йўналтирилган. Бошқа ҳудудлар тўғрисида ҳам худди шундай мисолларни келтириш мумкин.

Халқаро алоқалар ҳам янги босқичда. Компания Хитойнинг маиший техника йўналишидаги етакчи компанияларидан бири “Haier Group” компанияси билан замонавий телевизорлар ишлаб чиқаришга қаратилган ҳамкорлик келишуви имзолади.  Шу билан бирга, Хитойнинг “Hytera Communications Corporation Limited” компанияси билан ҳамкорлигида йилига 20,0 минг дона радиоалоқа воситаларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Кореянинг илғор компанияларидан бири бўлган “Kiturami” компанияси билан сув иситкичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича келишув имзоланган. Ушбу келишув доирасида “Ўзэлтехсаноат” АК, “Kiturami” компанияси билан биргаликда Республикада замонавий ва энергиятежамкор сув иситкичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида тегишли ўрганишлар ва музокаралар олиб борган. “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи “Artel” компанияси томонидан “Kiturami” компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида технологик ускуна ва бутловчи қисмларни олиб келиш бўйича келишув имзоланган. Жорий йилнинг май ойида “Артел” компанияси томонидан йилига 100 минг дона сув иситгичлари ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳа ишга туширилди ва 60 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Кореянинг “Dongho Cosmo” билан биргаликда электр, газ, совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йиллик қуввати 300 минг дона ҳисоблагичларни ташкил этади ва 100 та иш ўрини яратилади.

Туркиянинг “Fames Metal Sanayi” компанияси билан газ плита, ҳамда “Odul Madeni” компанияси билан ҳамкорликда электр духовка ва газ плиталарни ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича келишув имзоланган. Ушбу келишув доирасида “Fames Metal Sanayi” (Туркия) билан умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг замонавий газ плиталарини ишлаб чиқариш лойиҳаси, ҳамда “Odul Madeni” (Туркия) билан умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган электр духовка ва газ плиталарини янги турларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Туркия компаниялари томонидан технологик ускуна ва бутловчи қисмлар келтирилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида умумий 150 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

 Photo:    The India Economy Review

Электроника соҳасида «Ўзэлектроаппарат — Электрощит» ОАЖ қўшма корхонасининг алоҳида ўрни бор. Корхона дазмолдан тортиб, уни электр токига уловчи розеткани ҳам ишлаб чиқаради. Мазкур марка остида ишлаб чиқилаётган ускуна ва қурилмалар халқ истеъмолида, шу қатори турар жой, ишлаб чиқариш корпуслари, кема, сув ости кемаларини қуриш ва самолётсозликда, нефт-газ қувурлари, темир йўл магистраллари, қишлоқ хўжалиги ва гидротехник иншоотлар, эрергетика соҳаларида кенг қўлланилмоқда.

Ўтган асрнинг 90 йиллари бошида корхона томонидан 30-40 турдаги маҳсулотлар, асосан, электр панеллар етказиб берилар эди. Бугунга келиб эса корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури мингдан ошиб кетди ва уларнинг кўплаб турлари МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Маҳсулотлар 80-100 фоиз маҳаллийлаштирилди. Айтиш жоизки, охирги 5 йилда 10 млн. АҚШ долларидан зиёд инвестиция киритилди. Маблағ замонавий дастгоҳлар олиш, электротехник лойиҳалаштиришда зарур бўлган компьютер дастурларини яратишга сарфланди. Ҳозирда муқобил энергия манбалари асосида ишловчи фотоэлектр панеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Қуёш энергияси асосидаги ишловчи технологияларни маҳаллийлаштириш фоизи ҳозирча 15-20 фоиз  бўлиб, бу кўрсаткични ошиб бормоқда. Айни кунда корхонада 1200 нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Уларнинг 300 нафари олий маълумотли муҳандислар бўлса, қолгани касб-ҳунар коллежларини тамомлаган кичик мутахассислардир. Кадрлар Самара давлат техника университетида ҳам малакасини ошириш қайтишмоқда.

Компания ходими Дарья Алимованинг таъкидлашича, корхона буюртма бўйича ускунани ишлаб чиқаришгина эмас, балқи қурилиш ишларидан электротехник қисмларни лойиҳалаш, ускунани ишга тушириш — созлаш бўйича ўз хизматларини таклиф этади. Хусусан, қўшма корхона томонидан турли-туман халқ истеъмоли моллари билан бирга,  6(10), 35, 110кВ ўрта вольтли ва юқори вольтли комплект қурилмалар, конлар учун юқори вольтли қурилмалар, найсимон қувурларни катод ҳимояловчи қурилмалар, 25 дан 2500 Квгача қувватга эга комлект трансформатор кичик станциялари, паст вольтли аппаратура ва электр монтаж буюмлари, галваник қоплаш бўйича хизматлар тақдим этилмоқда.

***

Миллий маҳсулот сифатида кўплаб хонадонлардан мустаҳкам ўрин олиб келаётган маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «Артел» компанияси фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ.

— Илк бора 2011 йилда мазкур бренд остида бор-йўғи 2та моделдаги телевизор чиқарилган эди, — компания ходими Дилшод Рўзметов. — Эндиликда маҳсулотларимиз 100дан ортиқ тур ва 206дан зиёд моделда ишлаб чиқарилаётир. Ишлаб чиқариш ҳажми йилига 20-30 фоизга ошмоқда. Агар босқичма-босқичликда қарайдиган бўлсак, «White Machine Technology» қўшма корхонасида илк бора мазкур савдо белги остида суюқ кристалли дисплейлар билан жиҳозланган телевизорлар ишлаб чиқарилиши бошланган. Такомиллашган шаклларга смарт ТВ va 3Д функцияларини киритиш бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Кейинроқ мобил телефонлар қатори сенсор экранли  — Adi5 va Komi3  смартфонлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Маҳсулотларнинг ўзбек тилида ишлашиёқ фойдаланувчиларга қулайлик яратди. Энг муҳими, бизнинг маҳсулотларимизнинг барчаси хориж маҳсулотидан арзон, экологик жиҳатдан хавфсиз, энергия тежамкордир. Маҳсулотларнинг сафи кенгайиб, сифати ошиб бораётгани мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириб, импорт кўрсаткичларини камайтирмоқда.

«Артел» брендининг 100 фоиз маҳаллийлиги, маиший техника соҳасидаги жаҳоннинг энг илғор технологиялари ва тажрибасини ўзлаштиргани унинг маҳсулотларининг муваффақиятини таъминламоқда. Дарҳақиқат, «Артел»да ишлаб чиқариш маиший техника соҳасида етакчи бўлган COMI, ULVAC, Inficon каби технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Юқори технологиялар ёрдамида  ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Корхонада маҳсулотларни такомиллаштириш билан бирга, унинг дизайнини янгилаш, дастурлашларда(асосан телевизор, телефон ва смартфонларга тегишли) миллий қадриятларга мос ҳолда ишлаб чиқаришга аҳамият қаратилади. Бу эса харидорлар эътиборидан четда қолмаяпти. Экспорт кўрсаткичлари ошаётгани эса маҳсулотларимизнинг халқаро стандартларга мослигидан далолат. «Артел» ходимларнинг ўртача ёши 28-30га тенг. Бу ёшларимиз таълим тизимида яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, юқори малакали мутахассис бўлиб етишаётганининг белгисидир.

Таркибий тузилишига қарайдиган бўлсак, «Артел» бренди остида бир неча қўшма корхоналар маҳсулот етказиб бераётганининг гувоҳи бўламиз. Масалан, «Sky Wind Systems» МЧЖ ҚК телевизорлар, «Eko Elektron» ШК газ плиталари, электр печлари, «Dream Production» МЧЖ ҚК кондиционерлар ишлаб чиқаради. Аслида электротехника корхоналарининг бир ном остида бирлашишида ҳам рамзий маъно бўлиб, миллий бренднинг аҳамиятини кўрсатади.

— Мураккаб техника воситаларининг юртимизда ишлаб чиқарилаётгани, корхоналарда ёшларимизнинг замонавий технологиялар билан тиллашиб меҳнат қилаётгани ҳар биримизни ҳурсанд қилади, — дейди бухоролик Ҳайдар Набиев. — Биз ҳам хонадонимизга «Артел»  кондиционерини сотиб олдик. Унда носозликлар келиб чиқса, хизмат кўрсатиш марказлари мутахассислари хизматидан фойдаланиш мумкин экан. Бу истеъмолчиларга ўзига хос қулайлик яратади.

Яна бир янгилик. «Артел» савдо белгиси остида «гўзаллик технологиялари» — ART HD-2090, ART HD-2077, ART HD-2089 русумли фенлар, ART HS-081C русумли соч текислагичлар, ART HT-225B русумли плойкалар ишлаб чиқарила бошланди. Бу турдаги маҳсулотларнинг янги моделлари устида ҳам иш олиб борилаётир.

***

Энг муҳими, «Ўзэлтехсаноат» АК томонидан Навоий, Ангрен, Жиззах эркин индустриал зоналарида халқ манфаати, юрт тараққиётига хизмат қилувчи янгидан-янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш, хусусан, электрон қўриқлаш ва видеокузатув тизимлари, офис техникаси(принтер), кичик қувватли электр двигателлар, шахсий компьютер ва компьютер буюмларини ишлаб чиқиш бўйича фаолият олиб борилмоқда. Демак, шарт-шароитлар яхшиланиб, турмуш фаровонлашиб, юрт ободлашиб бормоқда. Асосийси, юртдошларимиз озод ва обод Ватанда яшаётганидан шукроналик ҳиссини туюшмоқда. Буларнинг бари мустақил юртда инсон омилига — юксак этиборнинг улкан натижаларидир.

Санобар ЖУМАНОВА,

журналист.

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*

Flag Counter