АҚШнинг Миссури штатида буви, она ва хола иштирокида оиланинг энг кичик вакили бўлган 6 ёшли болакайни “ёлғондан ўғирлаш” жинояти содир этилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берган.
Боланинг ўғирланиш саҳнаси тарбия мақсадида уюштирилган бўлиб, катталар бу орқали болага бундан кейин кўчада эҳтиёт бўлиб юришни уқтиришмоқчи бўлишган. Бунинг учун, улар ўз танишлари бўлган ўрта ёшли шахсга уни “сохта ўғирлаш” бўйича буюртма беришган.
Натижада, мактабдан уйга қайтишда автобус кутиб турган болакайнинг ёнида автомашина тўхтайди ва буюртма олган “сохта одам ўғриси” болани машинага солиб, уйига олиб бориб, ертўлга қамаб қўяди. Маълум қилинишича, у боланинг кўзларини боғлаб қўйган ҳамда тўппонча билан таҳдид қилиб, жим ўтиришини тайинлаган.
У болага энди қариндошларини ҳеч қачон кўра олмаслигини айтиб, қўрқитган.
Бир қанча вақт ўтиб, боланинг оиласи “уни қутқариш” учун етиб келишади.
Гувоҳларнинг маълумотлари асосида жиноятни қайд этган полициянинг айтишича, бу ишни содир қилганлар ўзларини айбдор деб ҳис қилишмаяпти.
Лекин, уларга нисбатан, “бола билан шавқатсизларча муомилада бўлиш” бўйича айб қўйилган ва эндиликда ушбу жараёнда иштирок этган 4 нафар айбдорнинг ҳар бири 250 минг доллар гаров пули эвазига озод қилиш шарти билан қамоққа ташланган.
Жабрланувчи бола эса, васийлик кенгаши ҳимоясига топширилган.