Ўзбекистонда диспенсер ҳисобида турган гиёҳвандлар сони камаймоқда. 2001 йилда 100 минг нафар ўзбекистонликка 25 та гиёҳванд тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 4 кишини ташкил қилади. Бу ҳақида “Правда Востока” газетаси маълум қилмоқда.
Ҳеч кимга сир эмаски, афюн ва героин моддаларининг йирик етказиб берувчиси ҳисобланган Афғонистон чегарасига географик яқинлик бутун Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонга ҳам жиддий хавф туғдириб келмоқда. Наркотикларни назорат қилиш бўйича Халқаро қўмитада мавжуд маълумотларга кўра, охирги бир неча йиллар ичида Афғонистонда кўкнор экиладиган майдонлар қарийб икки баробарга ошган. Бу ҳам ўз ўрнида чегарадош ҳудудлардаги вазиятга салбий таъсир кўрсатмай қўймайди.
Шунга қарамасдан, республика ички ишлар идоралари томонидан ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, наркотик моддаларни тарқатиш ва янги авлодни бу қинғир ишга жалб қилиш билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш, таркибида наркотик моддалари бўлган ва кучли таъсир этувчи дори воситаларининг ноқонуний тарқатилишига қарши курашиш, контрабанда йўлларини аниқлаш ва бартараф қилиш, трнасмиллий гуруҳларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, чегарадош ва тоғли ҳудудларда наркотикларнинг контрабанда йўли орқали олиб келинишининг олдини олиш мақсадида ҳаракатчан постлар фаолияти йўлга қўйилган. Етиб бориш қийин бўлган ҳудудларни назорат қилиш учун вертолётлар хизматидан фойдаланилади.